Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Москвага қилган давлат ташрифи якунлари бўйича томонлар Қирғизистоннинг Россия олдидаги қарзидан кечиш масаласи бўйича келишиб олишди.

Сешанба куни Кремлда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари иштирокида саккизта ҳужжат имзоланди. Ҳар икки давлатнинг молия вазирлари 2012 йил 20 сентябрда тақдим этилган кредит бўйича Қирғизистоннинг Россия олдидаги қарздорлигини тартибга солиш бўйича ҳукуматлараро битимнинг далолатномасини имзолашди, деб хабар беради РБК.

“Қирғистон томонидан қарздан кечиш борасида мурожаат бўлди, биз ҳамкорларимизга пешвоз чиқдик ва бугун 240 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги қарздан кечиш ҳақида далолатнома имзоланди”, — дея тушунтирган РБКга Россия молия вазири Антон Силуанов. Вазирнинг сўзларига кўра, битим давлат думаси томонидан ратификация қилингач, кучга киради.