Афғонистондаги сайловлар бўйича мустақил комиссия 22 июнда мамлакатдаги парламент сайловлари 2018 йил 7 июлда бўлиб ўтишини эълон қилди. Бу ҳақда Tolo News телеканали хабар бермоқда.  

Комиссия раҳбари Нажибулла Аҳмадзой матбуот-анжуманида бу кунга шунингдек маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказиш ҳам белгиланганини маълум қилди.

У аҳолини сайловларни ўтказишда комиссия билан ҳамкорлик қилишга чақирди ва Афғонистон ҳукумати сайловларни муваффақиятли ўтказиш учун мамлакатдаги жанговар ҳаракатлар ва ихтилоф билан боғлиқ муаммоларга эътиборини мужассамлаштириши зарурлигини таъкидлаб ўтди.  

Афғонистонда охирги ойларда вазият анча ёмонлашган. "Толибон" радикал ҳаракати мамлакатнинг қишлоқ жойларидаги катта ҳудудларни қўлга олиб, йирик шаҳарларга ҳужум бошлаган. Шунингдек, мамлакатда ИШИД таъсири кучаймоқда.

Афғонистон парламентининг 5 йиллик ваколатлари 2015 йил 2 июнда тугаши керак эди, бироқ сайловлар хавфсизлик нуқтаи назаридан, овозлар ҳалол ҳисобланишига ишонч йўқлиги ва мамлакатдаги беқарор вазият сабабли кейинга кўчирилганди. Афғонистон президенти парламент ваколатини сайловларни ўтказиш имкони бўлмагунча узайтириш ҳақида кўрсатма берган.