Париждаги Ле Бурже авиасалонида иштирок этаётган "Рособоронэкспорт" делегацияси раҳбари Сергей Корнев аёл ҳайдовчи билан машинада кетаётганда Париж яқинидаги Сен-Денида талончилар ҳужумига учради.

Le Figaro нашрининг маълум қилишича, россияликка бир неча киши ҳужум қилган. Ўғрилар Корневга мушт туширишган, унинг ҳамроҳидан сумкасини тортиб олишган. Аёл ўғриларни қувлашга тушган, бироқ уни бир неча жиноятчи ўраб олиб, дўппослаб кетган ва ҳаттоки номусига тегмоқчи бўлган. Вазиятга воқеа жойига етиб келган маҳаллий полиция аралашган ва 4 нафар босқинчини қўлга олган.

Бу ахборот Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизматида тасдиқланди.

"Сергей Корнев кўргазма тугагандан кейин машинада қайтаётганда туннелдан чиқишда ўғрилар унинг машинаси ойнасини синдириб ва ўлдириш билан таҳдид қилиб, пул ва қимматбаҳо нарсаларни талаб қилишган. Корнев абжирлиги  ва ўзини йўқотиб қўймагани туфайли паспорти ва ҳужжатларни ўзида сақлаб қололган", деб айтди Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати матбуот котиби Мария Воробьёва.

Воробьёванинг айтишича, Корнев ҳужум вақтида кичик жароҳатлар олган ва унинг соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти.