Макрон: Башар Асаднинг четлатилиши энди устувор вазифа эмас

Жаҳон 22 Июнь 2017 8228
Фото: EPA/GONZALO FUENTES/POOL

Франция президенти Эмманюэль Макрон Сурия президенти Башар Асаднинг ҳокимиятдан четлатилиши энди Суриядаги инқироз ечимини излашдаги устувор вазифа эмаслигини айтди.   

Унинг фикрича, террорчиликка қарши курашишга эътибор қаратиш лозим.

"Мен Асаднинг четлатилишини барчаси учун бошланғич шарт деб билмайман, чунки унинг қонуний вориси сифатида ҳеч кимни кўрмаяпман", деб айтди Макрон 21 июнда Европа нашрларида чоп этилган интервьюсида.  

Макрон террорчилик гуруҳларига қарши кураш устувор вазифа бўладиган, Сурия учун янги режа тузишга чақирди. "Улар бизнинг душманлардир", деб таъкидлаб ўтди Франция президенти ва террорчиларга қарши самарали курашиш учун "барча томонлар, айниқса Россиянинг ҳамкорлиги" талаб қилинишини айтди.

Макрон кимёвий қурол қўлланиши у учун "қизил чизиқ" ҳисобланишини ва бундай ҳолатда Франция вазиятга аралашиб, америкаликлар ёрдамисиз ҳам авиазарбалар беришга тайёрлигини айтди. "Кимёвий қурол қўллангани исботланса ва биз унинг келиб чиқишини билсак, Франция аниқланган омборларни йўқ қилиш учун авиазарбалар билан жавоб беради", деб огоҳлантирди Макрон.

Кўпроқ янгиликлар