Ҳиндистон аҳолиси етти йилдан сўнг Хитой аҳолисидан ошиб кетади, Нигерия эса АҚШни ортда қолдириб, 2050 йилдан сўнг бу кўрсаткич бўйича жаҳонда учинчи ўринга кўтарилиб олади. БМТнинг аҳолишунослик бўлими ҳисоботида шундай тахминлар бор. 

Ҳисоботга кўра, Ернинг 7,6 млрд.лик ҳозирги аҳолиси 2030 йилга келиб 8,6 млрд кишига етади, 2100 йилда эса 11,2 млрд. инсонни ташкил этади.

Ер аҳолиси ҳар йили 83 млн.га кўпаймоқда ва бу кўрсаткич яқин йиллар давомида сақланиб қолади. БМТ бўлинмаси раҳбари Жон Уитмотнинг сўзларига кўра, ҳисобот жаҳоннинг 233 давлатидаги демографик вазиятни баҳолаш асосида тузилган. «Африка аҳолиси юқори ўсиш билан ажралиб туради, 2050 йилгача кузатилувчи ўсишнинг ярмидан кўпи айнан шу минтақа ҳиссасига тўғри келади, - дейди у. Бошқа жиҳат – Европа аҳолисининг камайиши билан боғлиқ. Бу яқин бир неча ўн йил давомида кузатилади».

Кутилишича, 2050 йилгача аҳолиси сони тезлик билан ўсиб борадиган давлатларга қуйидагилар киради – Ҳиндистон, Нигерия, Конго, Покистон, Эфиопия, Танзания, Уганда ва Индонезия. 

Туғилиш даражаси энг кам мамлакатлар эса қуйидагилар – Россия, Хитой, АҚШ, Бразилия, Япония, Вьетнам, Германия, Эрон, Таиланд ва Буюк Британия.