Германиянинг собиқ канцлери Гельмут Колнинг вафоти унинг беваси Майке Коль-Рихтер ва биринчи турмушдан ўғиллари ўртасидаги ихтилофни авж олдириб юборди: полиция Колнинг тўнғич ўғли Вальтер Колга отасининг Людвигсхафендаги уйига киришига рухсат бермади. Бу ҳақда Spiegel нашри ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Вальтер Коль отаси уйига 21 июнда кирмоқчи бўлган, у ярим соат давомида эшик қўнғироғини чалганига қарамасдан, унга ичкаридан ҳеч ким эшикни очмаган. Унинг ёнида ўғиллари ҳам бўлган. Воқеа жойига чақиртирилган полициячилар Колга отасининг уйига келиш тақиқланганини тушунтиришган.

Коль бевасининг адвокати, Вальтер Коль уй олдида атайлаб жанжал чиқарганини айтган. Унинг Маълум қилишича, у аввалроқ Вальтер Коль билан собиқ канцлернинг ўғиллари ва набираларининг у билан 1 июлда видолашиш маросимида иштирок этишлари бўйича телефон мулоқоти ўтказиш ҳақида келишиб олган. Бироқ белгиланган вақтда Вальтер Коль кўплаб қўнғироқларга қарамай, телефонни кўтармаган. Бунинг ўрнига Вальтер эртаси куни отаси уйига огоҳлантиришсиз келиб, уй ичига кирмоқчи бўлган.

Вальтер Коль адвокат унга қўнғироқ қилмаганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, у отасининг беваси томонидан фитна қурбонига айланган. Вальтернинг айтишича, у отасининг ўлими ҳақида радиодан хабар топган.

Spiegel’нинг маълумотларига кўра, собиқ канцлер билан Страсбургда видолашиш маросимида иштирок этадиган меҳмонлар рўйхатини тасдиқлаш вақтида ҳам можаро чиққан. Колнинг беваси Германия канцлери Ангела Меркель якуний сўз билан чиқмаслигини талаб қилган. Гўёки Майке Коль-Рихтер Меркелга якуний сўзни хорижий меҳмонлар, жумладан, Венгрия бош вазири Виктор Орбан айтиши кераклигини айтган.

Гельмут Коль 16 июнда 87 ёшида вафот этди. У 1982 йилдан 1998 йилгача Германия ҳукуматини бошқарган. 

Гельмут Колнинг ўғиллари билан муносабатлари у Майке Рихтерга уйлангандан кейин ёмонлашган. Колнинг ўғиллари отасининг бу қарорини хушлашмаган.