Чап қўлининг билак қисмисиз туғилган, 23 ёшли янги зеландиялик теннисчи Алекс Хант Профессионал теннисчилар уюшмаси рейтингидаги илк очкосини қўлга киритди. У мукофот жамғармаси 15 минг долларни ташкил қилувчи Гуамда ўтаётган мусобақанинг 1-даврасида рақибини 6:0, 6:0 ҳисобида икки сетда мағлуб этди.

"Фикримча, профессионал мусобақада очко ололган, қўлларидан бири йўқ биринчи теннисчи бўлсам керак. Бу ҳамиша менинг орзуим бўлган", деб айтган Хант ғалабадан кейин. Унинг айтишича, у ўз ҳаракати билан ногирон одамларни илҳомлантирмоқчи бўлган.

Хант Гуамдаги мусобақадан кейин Испания, Португалия ва Марокашда ўтадиган мусобақаларда ҳам ўз кучини синаб кўрмоқчи.

Хантнинг айтишича, унинг асосий мақсади қачондир "Катта дубулға" мусобақасида ўйнашдан иборат. "Мен бунга қандай эришиш мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Мен шунчаки кўп машғулот қилиб, ўзимнинг энг яхши ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Кўрамиз, нима бўларкин?", деб айтган тиришқоқ теннисчи.