Самарқанд шаҳридаги кўчалар ва йўллар инфратузилмаси яхшиланади

Жамият 22 Июнь 2017 10416

Самарқанд шаҳри ҳокими Воҳид Раҳимов журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳардаги йўлларнинг келажакдаги кўринишлари ва шаҳарда барпо этилиши режалаштирилаётган кўприк ҳамда йўл ўтказгичлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Режалаштирилаётган йўл қурилиш ишлари ва реконструкция қилиш ва кўчаларни кенгайтириш — барчаси шаҳарда транспорт юкламасини тартибга солиш учун амалга оширилаётганини шаҳар ҳокими алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шаҳардаги шартли равишда Г-34 деб аталувчи кўча қурилишининг 3-босқичига доир, уни Садриддин Айний кўчаси билан туташтирувчи 920 метр узунликдаги йўл қурилиши давом эттирилиши президентнинг вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларидан бири эди, деди шаҳар ҳокими.

Мазкур қурилиш ва ободончилик ишлари юзасидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, 920 метр узунликдаги йўл қурилишини давом эттириш учун ҳозирги кунда Садриддин Айний кўчасигача қадар оралиқда яшайдиган аҳоли уй-жойларида муҳандислик-дала қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу йўл бўйича «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ ҳамда унинг Самарқанд филиалига лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун мурожаат этилган.

Ушбу йўналишда 43 та турар-жой бузилади, улардан 23 таси тўлиқ ва 20 таси қисман. Уй жойлари бузилаётган фуқароларга 6 миллиард сўм компенсация берилмоқда. Уй эгаларининг халқ банкида очилган ҳисоб рақамига маблағлар ўтказиб берилмоқда, деди шаҳар ҳокими.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг бир қатор кўчаларида кейинги йилларда йўл қурилиш-таъмирлаш уишларини амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилган эди, деди шаҳар ҳокими.

Жумладан,

- Сиёб бозоридан Рўдакий кўчаси орқали Беруний кўчасигача 5 км йўлни капитал таъмирлаш;

- Беруний ва Ибн Холдун кўчаси орқали турар жой ва турар жой бўлмаган биноларни кўчириш орқали 4Р-46 автомобиль йўлигача 1 км янги йўл қуриш,

- Даҳбед кўчасидан М37 автомобиль йўлининг Самарқанд туманидаги ҳудудигача Тошкент шаҳридаги Нурафшон кўчаси намунасида реконструкция қилиш,

- Шоҳи Зинда кўчасидан Ҳужум кўчаси орқали Ал-Мотурудий мажмуасигача кенг йўл қуриш белгиланган.

Шу кунгача мазкур лойиҳалар асосида Сиёб бозоридан Рўдакий кўчаси орқали Беруний кўчасигача 5 км йўлни капитал таъмирлаш, Беруний кўчасидан Ибн Холдун кўчаси орқали 4Р-46 йўлигача янги йўл қуриш бўйича тегишли қарорлар чиқарилди. Ишчи гуруҳлари томонидан янги йўл қурилиши ҳудудига тушган ва бузилиши лозим бўлган 52 та турар ва нотурар жой объекти хатловдан ўтказилди, деди шаҳар ҳокими В.Раҳимов.

Банк коллежидан сўнг, "Хаваси" маҳалласигача бўлган, хатловга тушган уйлар бузилади, эвазига уларга Мотрид массивидан 4 сотихдан ер ажратилади. Кўча юзида 2-3 қаватли янги, Самарқанд услубида кўп қаватли уйлар қад ростлайди.

В.Раҳимов келажакда Рўдакий, Ибн Холдун кўчалари орқали ўтувчи тўғри йўл давом эттирилиб, Узоқ Лагер массивида жойлашган Мусо Хонкелди бозори олдидан ўтувчи йўл билан бирлаштирилишини айтиб ўтди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими Амир Темур кўчасининг «СамАвто» заводигача бўлган қисми давом эттирилиб, «Сўғдиёна» массиви орқали келувчи Мирзо Бедил кўчаси билан бирлаштирилиш режаси мавжудлигини ҳам билдирди.

Даҳбед кўчаси орқали Мотрид массиви орқали ўтувчи йўл — М37 автомобиль йўлининг Самарқанд туманидан ўтувчи ҳудудигача бўлган қисмини реконструкция қилиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан ушбу янги йўл қурилиши тушган 150 та турар ва нотурар жой объектлари хатловдан ўтказилди. 70 метр кенгликда бўлиши режалаштирилаётган ушбу янги кўча Тошкент шаҳридаги Нурафшон кўчаси намунасида реконструкция қилинади, темир йўл устидан ўтган йўл ўтказгич ҳам кенгайтирилишини алоҳида қайд этди шаҳар ҳокими.

Шоҳи Зинда кўчасидан Ҳужум кўчаси орқали Ал-Мотурудий мажмуасигача йўл қурилишига рухсат берилди. Йўл лойиҳаси тузилди ва кўча қурилиши туфайли бузиладиган 26 та хонадон дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4 миллиард сўмга баҳоланди.

Келгусидаги режалар ҳақида гапирар экан, шаҳар ҳокими В.Раҳимов 2018 йилда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишмасида, 2019 йили эса Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилишини босқичма-босқич амалга оширишни Инвестиция дастурига киритиш ва маблағ ажратиш режалаштирилганлигини айтиб ўтди. Бу борада таклифлар тақдим этилган, деди у.

Шаҳар ҳокимининг анжуман қатнашчиларига маълум қилишича, Бўстонсарой ва Ҳусайн Бойқаро кўчалари кесишмасидан Рўдакий кўчасига қадар йўлнинг икки томонини кенгайтириш, йўл четида замонавий кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш ва Бўстонсарой кўчасининг Сиёб канали устидан ўтувчи қисмида кўприк қуриш бўйича лойиҳа таклифларини тайёрлаш ҳамда молиявий манбаларни аниқлаш масалалари белгиланган. 

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Кун янгиликлари
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 4248 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 5109 Жамият
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 / 21.08.2017 20761 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 49710 Жамият
Келажак мевалари: фарғоналик бемор онанинг икки нафар норасида фарзандига ёрдам қўлини чўзайлик
23:59 / 21.08.2017 3841 Жамият
Барселоналик террорчини йўқ қилишда синчков аёл ёрдам берди
23:57 / 21.08.2017 2268 Жаҳон
Шимолий Кореяга қочиб кетган охирги америкалик ҳарбий вафот этди
23:34 / 21.08.2017 4212 Жаҳон
Хитой хорижий инвестицияларга чеклов жорий қилди
23:08 / 21.08.2017 2403 Жаҳон
Дайжест: Самарқандда ҳокимлар алмашинуви, гўшт импорти учун имтиёз, Асакадаги заводда танаффус ва куннинг бошқа хабарлари
22:59 / 21.08.2017 3615 Жаҳон
Қозоғистонда ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарилиши кенгайтирилиши мумкин
22:48 / 21.08.2017 3691 Технология
Кўпроқ янгиликлар