21 июнь куни Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Нойифни ўз ваколатидан озод қилди.

Қирол тахт валиаҳди сифатида 31 ёшли ўғли Муҳаммад ибн Салмонни эълон қилди. Бу воқеа кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди. Чунки монархияга асосланган мамлакатларда валиаҳдлар (бўлажак тахт ворислари) ҳар куни ҳам ўзгартирилавермайди. АҚШнинг дунёга машҳур The New York Times газетаси бу ҳақда ўз мулоҳазаларини чоп этган.

Марк Ландлер ва Марк Маззетти ҳаммуаллифлигидаги материалда айтилишича, бу тайинловда АҚШ президенти Доналд Трампнинг алоқаси йўқ эмас. Газета Трампнинг Саудияда шаҳзода ўзгарганидан бир соат ҳам ўтмай қиролни табриклаганига алоҳида урғу берган. Трамп табрикда янги валиаҳднинг бу даражани қўлга киритганидан мамнун экани, у билан террочиларга қарши самарали курашга умид қилишини таъкидлаган.

Нашрнинг ёзишича, айнан Муҳаммад ибн Салмоннинг валиаҳд бўлишини Трамп хоҳлаган. Президент янги валиаҳд унинг Форс кўрфазида араб-мусулмон аляансини яратишга бўлган уринишларида ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Шунингдек, Трамп ва 31 ёшли Муҳаммад ибн Салмоннинг Эрон бўйича қарашлари ҳам бир хил. Трамп Эронга босим ўтказишда Саудиянинг ўрни катта деб ҳисоблайди.

Times нашри ибн Салмон Трампнинг куёви жаноб Кушнер билан ҳам иноқ эканини таъкидлаган. Маълум бўлишича, Иванка Трампнинг турмуш ўртоғи бўлган Кушнер Трамп президент этиб сайланганидан кейиноқ Муҳаммад ибн Салмон билан қалин муносабатлар ўрнатган. Саудия делегацияси март ойида АҚШга келганида Кушнер бўлажак валиаҳдни ўз уйига тушлик учун таклиф қилган. Ўз навбатида, Кушнер ҳам ибн Салмоннинг Саудиядаги уйида ўтган ойдаги ташрифи давомида тушликда бўлган.

Газетада ёзилишича, собиқ валиаҳд Обама маъмурияти билан яхши алоқада эди. Унинг собиқ давлат котиби Жон Керри билан икки марта учрашгани айтилган. Улардан бири шаҳзоданинг рус миллиардеридан сотиб олган яхтасида ўтгани эътиборга молик. Барак Обама айнан собиқ валиаҳд орқали Эрон билан алоқаларни яхшилашга уринган. Трамп эса аксинча, Эронни янчиб ташлашни хоҳламоқда, шу сабаб унга ўзи каби агрессив кайфиятдаги шерик зарур бўлгани эҳтимол.