Тошкентдаги “Мирзо Юсуф” жоме масжидида Қадр кечаси файзли кутиб олинди (фотожамланма)

Жамият 22 Июнь 2017 19752

Тошкент шаҳрида жойлашган “Мирзо Юсуф” жоме масжидида 21 июнь, Рамазоннинг 26-кунидан 27-кунига ўтар кечасида минг ойдан яхшироқ ҳисобланган Лайлатул Қадр кечаси кутиб олинди.

Таровеҳ намози ўқилиб, Қуръони карим хатмонаси якунланди. Қорилар томонидан чиройли ва манзур дуолар қилинди. Қўшимча ибодатлар, зикрлар ва дуолар қилиш бошланди. Масжидга ташриф буюрган уламолар Аллоҳдан юртга тинчлик-хотиржамлик, оилаларга барака ва яхшилик ҳамда икки дунё саодатини тилаб, қўлларини дуога очишди. 

Масжид имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов ва Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов гўзал мавзуларда маъруза қилиб, Лайлатул Қадрнинг фазилатлари ва бу кечада бажарилажак амаллар хусусида тўхталиб ўтишди. “Мирзо Юсуф” жоме масжидига савоб умидида ташриф буюрган одамлар ҳам қўлларини дуога очиб, Аллоҳдан эзгу ниятларини амалга оширишни сўрашди.

Лайлатул қадр кечасини сокинлик, яхшилик ва файзли кеча бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в)дан бир қатор ҳадислар мавжуд. Ана шу ҳадисларда тилга олинган аломатларни, файз ва сокинликни шу куни “Мирзо Юсуф” жоме масжидида кўриш мумкин эди.

 

Кўпроқ янгиликлар