Туркия президенти вакили Иброҳим Қалин Россия Суриядаги қайноқликдан холи нуқталарга Қирғизистон ва Қозоғистондан ҳарбийларни жўнатиш таклифини илгари сургани ҳақида гапирган, дея ёзмоқда Habertürk телеканалига асосланиб, РИА Новости.

Ўтган сешанба куни Сурия бўйича БМТ махсус вакили Стаффан де Мистуранинг офиси, Россия ТИВ ва Қозоғистон ТИВ Сурия масаласи бўйича Остона музокаралари 4–5 июль кунлари ўтказилишини тасдиқлашган эди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича, томонлар ушбу учрашувда можаролардан холи ҳудудларда амалда бўлиши лозим бўлган режим таъминотининг муайян модаллик параметрларини маъқуллаб олишни якунлашга келишишган.

Қалиннинг ТВда янграган сўзларига кўра, Туркия амалдорлари ўтган ҳафтада РФ президентининг Сурия масаласи бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев билан Суриядаги можаролардан озод қилинаётган ҳудудлар бўйича музокаралар ўтказишган.

«Руслардан ҳатто тинчлантирилган ҳудудларга маълум бир сондаги қирғиз ва қозоқ ҳарбийларини жўнатиш борасида таклиф келиб тушди. Улар бу тинчлик ўрнатиш доирасида ўз ўрнига эга бўлишлари мумкин... бироқ буларнинг барчаси синчиклаб ўрганишни талаб этади. Хариталар ўрганиб чиқилмоқда, ким қаердан киради, қанча аскар қаерга жойлаштирилади... Яъни, 300–500 нафар аскар зарур бўладими? Ҳозир Идлибда миллиондан ориқ киши истиқомат қилмоқда. Ҳарбийлар айни пайтда бунча қадар аҳоли учун қанча ҳарбий кераклигини муҳокама этишмоқда. Остонадаги июль учрашувларидан сўнг бу масалалар конкрет ечимга эга бўлиши мумкин», — дея Қалиннинг сўзларини келтирмоқда Habertürk.

3–4 май куни Остонада бўлиб ўтган музокаралар давомида кафолотловчи давлатлар (РФ, Эрон, Туркия) вакиллари Сурияда можародан ҳоли тўрт ҳудуд тузилиши ҳақида меморандум имзолашган эди. Ҳудудларнинг бири таркибига Идлиб, шунингдек унга қўшни вилоятлар Латақия, Ҳамо ва Ҳалабнинг маълум бир қисмлари, Сурия жанубидаги маълум бир ҳудудлар — Даръа ва ал-Қунайтра вилоятлари ҳам киради. РИА Новости манбасига кўра, ҳужжат кафолатловчи давлатларнинг ҳарбийларини ушбу ҳудудларга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш режимини назорат қилиш учун жўнатишга рухсат беради.

Остонада бўлиб ўтган музокараларда Россия делегацияси раҳбари, РФ президентининг махсус вакили Александр Лаврентьев хавфсизлик ҳудудларга ўз ҳарбийларини жўнатишга тайёр эканлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бунда бошқа давлатлар ҳам иштирок этиши мумкин, фақат келишув билан. Эрон ТИВ махсус вакили Баҳром Қосимий ҳам агар тегишли битим имзоланса, Теҳрон ҳам Сурияга кузатувчиларни жўнатишга тайёр эканлигини билдирган.