Қозоғистон Сенати йиғилишида Ўзбекистон билан чегарадан ўтиш пунктлари ҳақидаги келишувга протокол ратификация қилинди. Бу ҳақда Today.kz хабар тарқатмоқда.

Шу тариқа, қонун парламент томонидан қабул қилинган ва имзолаш учун давлат раҳбарига йўлланган.

Бош вазирнинг инвестициялар ва тараққиёт бўйича ўринбосари Роман Склярнинг маълум қилишича, протокол Қозоғистон темир йўл чегара пунктини «Бейнеу» станциясидан чегара чизиғидан 2 км масофада жойлашган «Оазис» станцияга кўчиришни назарда тутади.

Шунингдек, фақат енгил автотранспортлар ўтиши учун «Целинний» ва «Сирдарё» халқаро (кўп томонлама) чегара ўтказув пунктларини очиш кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, «Казигурт», «Қоплонбек» ва «Атамекен» ўтказув пунктлари мақоми – икки томонламадан кўп томонламага (халқаро) ўзгаради.

Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ўтказиш чоғида шахсни тасдиқловчи, давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мажбурий тартибда текширилади. Бунда божхона декларацияси тўлдирилмайди, транспорт воситасини рўйхатга олиш ва божхона текширувидан ўтказиш талаб қилинмайди, бироқ мажбурий тартибда визуал кўрик амалга оширилади.

2017 йил февралида Қозоғистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Молия вазири Бахит Султанов икки мамлакат чегарасидаги бир қатор божхона постларида бўлганди. Ўшанда делегация аъзолари ўтказув имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишганди.