Америкалик олимларнинг аниқлашича, Қўшма Штатлар аҳолиси ўзини-ўзи ҳимоя қилишга мўлжалланган ўқотар қуролни кўпроқ харид қила бошлади. Тегишли тадқиқот American Journal of Preventive Medicine’да эълон қилинди, деб хабар бермоқда EurekAlert!.

Муаллифлар ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ ҳолатни фақатгина жиноий нуқтаи назардан эмас, балки соғлиқни сақлаш юзасидан ҳам кўриб чиқишни таклиф этишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бундай вазиятлар рўй беришининг олдини олиши мумкин бўлган тенденцияларни аниқлаш керак. Хусусан, улар қурол ишлаб чиқарувчилари томонидан уни бозорга кенг етказиш аҳоли ўртасидаги талабга қандай таъсир кўрсатишини аниқламоқчи бўлдилар.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, АҚШ ички бозорида 1990-2005 йиллар давомида ҳар йили тахминан 3-5 миллион дона ўқотар қурол ишлаб чиқарилган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич кескин ошди ва 2013 йилда максимумга етди (10,3 миллион дона). 2013 йилда ишлаб чиқарилган қуролнинг катта қисми тўппонча ва милтиқлар ҳиссасига тўғри келган.

Таъкидланишича, ҳар йили ўқотар қуролни қўллашдан ўртача 100 минг америкалик қурбон бўлади ёки жабрланади. Шу билан бирга, олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, АҚШ фуқаролари айни дамда қуролга кўпроқ ўзини-ўзи ҳимоя қилиш воситаси сифатида қарамоқда.