Чехия президенти Трампнинг собиқ рафиқасидан ғазабда

Жаҳон 23 Июнь 2017 9428
Фото: Reuters

Чехия президенти Милош Земан Barrandov TV’га берган интервьюсида АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг собиқ рафиқаси Ивана Трампдан ғазабда эканини маълум қилди. Иванка Қўшма Штатларнинг Прагадаги элчиси лавозимини эгаллашдан бош тортган.

Бу ҳақда Prague Daily Monitor нашри ёзмоқда.

Ивана Трамп собиқ турмуш ўртоғи АҚШ президенти этиб сайлангач, Американинг Прагадаги элчиси бўлишни жуда хоҳлаганди. Шунингдек, у Милош Земан томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Бироқ, чоршанба, 21 июнь куни Ивана Трамп Земанга элчи бўлмасликка қарор қилганини хабар берди.

Земан журналистларга бу ҳолатдан ғазабда эканини айтди ва Трампнинг собиқ рафиқаси қўрқоқларча иш тутганини қайд этди.

Маълумот учун, Дональд Трамп Ивана Зельничковага 1977 йилда уйланган. Уларнинг уч фарзанди бор, 1992 йилда эса Трамп ва Зельничкова ажрашишган.

Кўпроқ янгиликлар