London Marriott Hotel County Hall метеорологни ишга олган дунёдаги биринчи меҳмонхона бўлди. Бу ҳақида Daily Mail хабар берди. 

Бундай лавозимга шотландиялик синоптик ва телебошловчи Кирсти Маккейбни қабул қилишди. 42 ёшли мутахассис об-ҳаво прогнозларига асосланиб, меҳмонлар учун махсус маршрутларни ташкил қилади.

Масалан, Маккейб ёмғирли кунда сайёҳларга театр ёки музейга боришни таклиф қилади, очиқ ҳавода эса чархпалакда учишни ва очиқ ҳавода бошқа машғулотлар билан банд бўлишни таклиф қилади. Метеоролог суткада 24 соат, ҳафтда етти кун London Marriott Hotel County Hall мижозлари хизматига шай бўлади.

Бундан ташқари, Маккейб меҳмонхонанинг консьерж-хизмати билан бирга 12 люкс хонадаги меҳмонлар ҳар қандай кутилмаган об-ҳавога тайёр бўлишига ёрдам беради.

Масалан, дераза ортида ёмғир ёғаётган бўлса, номерда ёруғлик билан даволовчи махсус лампа ўрнатилади, меҳмонга эса ёмғирдан ҳимояловчи кийим, резина этиклар ва соябон тақдим этилади. Агар ташқарида қуёшли об-ҳаво бўлса, меҳмонхона сайёҳни қуёшдан ҳимояловчи крем билан таъминлайди.

Меҳмонхона сайтида маълум қилинишича, сервис ноябрь ойининг охирига қадар амалда бўлади.