Мумбайлик ёш адвокат Афрўз Шох узоқ йиллар давомида Версова соҳилига ташланган чиқиндиларга қарши "жанг"га киришди ва ...ғолиб бўлди. Афрўз 86 ҳафта ичида кўнгиллилар билан биргаликда соҳилдаги 5,4 миллион килограмм чиқиндини тозалашга муваффақ бўлди. Bigpicture шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

2015 йилнинг октябрида Афрўз ва унинг 84 ёшли қўшниси Харбанш Матур шаҳардаги Версова соҳилини кўриб кайфиятлари бузилди - у чиқиндиларга тўлиб ётарди.

Икки эркак соҳил ҳудудини тозалашга қарор қилишди. 

Ўшандан буён улар ҳар ҳафтанинг дам олиш кунлари соҳилни тозалашар эди. Кейинроқ уларга кўнгиллилар гуруҳи келиб қўшилди. Уларнинг сони борган сари ортиб бориб, минг кишига етди. 

Кўнгиллилар 86 ҳафта мобайнида соҳилда тозалаш ишларини олиб боришди. Улар 2,5 километрли соҳилдан 5 миллион килограммдан зиёд чиқиндини йўқотишнинг уддасидан чиқишди. 

"Киносаноат вакиллари, полиция, адвокатлар, балиқчилар ва шунчаки оддий йўловчилар ушбу хайрли иш остида бирлашганини кўриш завқ бағишлади. Амалдорлар бизни қўллаб-қувватлашди ва барча зарур жиҳозлар - экскаватор ва юк машиналари билан таъминлашди", - деди Шох.

Соҳилни тозалаш ишлари 2017 йилнинг май ойида ниҳоясига етди.

"Ниҳоят, соҳил тоза бўлди. Бизнинг уринишларимиз ўз самарасини берди. Энди қирғоққа фақат денгиздангина чиқинди чиқмоқда. Биз ҳукумат вакилларидан соҳилнинг тозалигини сақлашда ёрдам беришни сўрадик", - деди Афрўз Шох.

Афрўз ўз меҳнатлари эвазига БМТнинг "Ер чемпиони" унвонини қўлга киритди. Унинг бу иши дунёдаги энг катта кўламли соҳилни тозалаш иши сифатида эътироф этилди. 

Шундай бўлса-да, Афрўзнинг ташаббуси шу билан чекланиб қолмади. Энди у кўнгиллилар билан бирга чиқиндиларнинг  маҳаллий ирмоқлар орқали соҳилга тушишига тўсқинлик қилишни режалаштирган. 

Бундан ташқари, у соҳил яқинидаги ўрмонларни ҳам чиқиндилардан тозалашни режа қилган. Афрўз Шох ўзи мисолида бутун дунё аҳлини шундай хайрли амалларга илҳомлантиришни истайди.