Европа Иттифоқига аъзо давлатлар етакчилари Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтириш ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда Еврокенгаш раиси Дональд Туск маълум қилди. 

"Келишиб олинди. ЕИ Россия томондан Минск келишувларининг етарлича бажарилмаётгани учун унга қарши иқтисодий санкцияларни узайтирди", деб ёзган Туск твиттерда.

Аввалроқ Туск муддати 31 июлда тугайдиган санкциялар яна 6 ойга узайтирилишини маълум қилганди.

Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар Донбассдаги ихтилоф сабабли ёмонлашган. Киев бу ерда тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикаларига қарши операция олиб бормоқда.