2017 йилги “Формула-1” машиналари синфидаги автопойгалар бўйича жаҳон чемпионати саккизинчи босқичи дастури – Озарбойжон Гран-приси – жума куни Бокудаги шаҳар трассасида иккита эркин амалиёт билан бошланади.

"Мерседес" пилоти британиялик Льюис Ҳэмилтон ва немис Себастьян Феттель ("Феррари") ҳамон бир-бири билан мушук-сичқон ўйнашда давом этмоқда. Улар мавсум бошида биттадан ғалабани қўлга киритишди, шундан сўнг Ҳэмилтон Сочидаги босқичда маълум мураккабликларга дуч келди ва Феттель бундан дарҳол фойдаланиб, британиялик билан орадаги фарқни еттинчи босқич олдидан 25 очкога етказиб олди. Бироқ Канада Гран-присида немис ҳам муаммолар гирдобида қолди, Ҳэмилтон эса ғалаба қозониб, орадаги фарқни 12 очкога қадар камайтирди. Бокуда жаҳоннинг уч карра чемпиони умумий жадвалда рақибига яқинлашишга уриниб кўради.

Бокудаги босқич чемпионат дастурига ўтган йили киритилди, бироқ ўшанда у Европа Гран-приси доирасида ўтказилганди, бу мавсумдан эса босқич Озарбойжон Гран-приси номини олди. Трасса шаҳар четида жойлашган, тўғри старт эса Каспий денгиз қирғоғидан ўтади.

Трек 20 та бурилишдан иборат – 12 та чап ва саккизта ўнг бурилиш, айлана узунлиги эса – 6 км.га тенг. Тўғри старт эса чемпионат дастуридаги энг узуни ҳисобланади - 2,1 км, пойгачилар тўғри старт якунида соатига 340 километрга чиқишлари мумкин. Трассанинг бошқа бир ўзига хос жиҳати – бирданига саккизта 90-даражали бурилиш.

Ўтган йили бу ерда амалдаги жаҳон чемпиони немис Нико Росберг ғалаба қозонганди, у совринни қўлга киритганидан беш кун ўтиб фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилди.

Эркин пойгаларнинг биринчи қисми Тошкент вақти билан 14:00 да бошланади, иккинчиси эса – 18:00 да. Шанба куни учинчи эркин амалиёт (15:00) ва саралаш (18:00) бўлиб ўтади. Босқич дастури якшанба кунги пойга билан якунига етади (18:00).