Шанхай суди икки россияликка тегишли Yishidun International Trading компаниясига нисбатан жазо ҳукми чиқариб, улар зиммасига 101 млн доллар тўловни юклади. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда

Маълум қилинишича, бу ҳукм Хитой учун юқори частотали трейдинг билан шуғулланувчи компанияга чиқарилган илк ҳукм бўлди.

Шанхай суди Yishidun 2015 йилда China Financial Futures Exchange биржаси ахборот тизимига ноқонуний уланиб, ахборотни тезроқ олишда устунликка эга бўлиш ҳисобига 389 млн юань миқдорида фойда кўрганликда айбдор деб топди. 

Компания Хитой фьючерс шартномалари бозорида фириб ишлатганлик учун 300 млн юань (44 млн доллар) жаримага тортилди ва ноқонуний олган даромадни қайтариб бериш мажбурияти қўйилди. 

Компания раҳбарларидан бири Гао Янь уч йиллик шартли қамоқ жазоси олди ва 1 млн юанга жаримага тортилди. Яна бир директор Лян Цзэчжун 2,5 йиллик шартли қамоқ жазоси ва 800 минг юанлик жаримага тортилди. Бундан ташқари, China Fortune Futures биржаси брокери ҳам жазоланди. У 5 йиллик қамоқ жазоси олди ва 600 минг юанлик жаримага тортилди.

Хитой ҳукумати юқори частотали трейдингни 2015 йилда фьючерс бозорининг қулаши сабабларидан бири деб ҳисоблаб келади. Ўшанда бу бозорнинг капиталлашуви 5 трлн долларга тушиб кетган. 

Financial Times нашри 2015 йилда Yishidun компанияси 2012 йилда Гонконгда Георгий Заря ва Антон Мурашов томонидан таъсис этилганини маълум қилганди.