Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар замирига – эркин ва фаровон, қонун устуворлиги ва инсон манфаатлари таъминланадиган демократик фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимизни рози қилиш мақсади қўйилган.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг чиқиши давомида доимо аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш долзарб масала эканлигини кўп бора таъкидламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида ҳамда Республика Маънавият тарғибот марказининг 2017 йилга мўлжалланган йиллик иш режасининг 2.21-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълими вазирликлари, Бош прокуратура ҳамда Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 20 июнь куни Урганч давлат университетида “Мамлакатдаги демократлаштириш жараёнлари самарадорлиги ва сифатини яхшилашда ҳуқуқий маданиятнинг ўрни” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ҳамза Атаханов, Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим мудири, ю.ф.д., профессор Гулчеҳра Маткаримова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, т.ф.д. Дилором Бобожонова, Тошкент давлат юридик университети профессори, ю.ф.д. Гулчеҳра Тўлаганова, Тошкент ислом университети доценти, т.ф.н. Ҳайдархон Йўлдошхўжаев, Ёзувчи Исфандиёр Маткаримов, Республика Маънавият тарғибот маркази мутахассиси Акмалбек Алимов, Хоразм вилояти Маънавият тарғибот бўлими раҳбари Қ.Шарипов ва  бошқа ҳуқуқшунос мутахассислар ўзларининг маърузалари билан, шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

Конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган эзгулик ва тараққиёт, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги ғояларининг Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишда принципиал катта аҳамиятга эга эканлиги, айниқса, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакат нуфузини янада оширишда асосий омил бўлиши тўғрисида тушунчалар беришдан иборат.

Конференция иштирокчилари Хива туманидаги Паҳлавон Маҳмуд мажмуасини зиёрат қилишди. Шунингдек, Хива туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишди. Тадбирлар сўнгида конференцияда фаол иштирок этган тарғиботчилар вилоят Маънавият тарғибот бўлими томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.