Интернет-инқилобдан цивилизациялар таназзулигача: Илон Маскдан 29 иқтибос

Lifestyle 23 Июнь 2017 7949

Илон Маскнинг хаёлида нималар борлигини ким билади? У ўз муваффақиятларига қандай баҳо беради? Дунёни ўзгартира олиши мумкинлигини тушунгач, у нималар ҳақида орзу қилмоқда? У нимадан қўрқади? Илон Маск — асли жанубий африкалик ишбилармон SpaceX, Tesla, PayPal, SolarCity, Neuralink ва The Boring Company асосчиси бўлган ва эришилган нарсаларида асло тўхтаб қолмоқчи эмас. Уни нима шу маррагача етказди? Қуйида INSIDER.PRO томонидан тўпланган, Илон Маскка тегишли иқтибослардан баъзиларини келтирмоқдамиз — улар Маскнинг инқилобий тафаккурини рўёбга чиқаради.

Ўрганиш ва мантиқ

1. Тўғри саволлар

«Галактика бўйлаб йўл-йўлакай» китоби мени қандай саволлар бериш тўғрилигини англаш нечоғлик мураккаб вазифа эканлиги хусусида ўйланиб қолишга мажбур қилган. Мана шу мураккаб вазифани уддаласангиз, қолгани хамирдан қил суғургандек осон битади. Мен шундай хулосага келдимки, ўша тўғри саволларни топиш учун инсон онгини кенгайтириш ва чуқурлаштиришга уринишимиз керак экан. Аслида, маънога эга бўлган ягона нарса — жамоатчилик маърифатига интилишдир.

2. Воқеалар гирдобида бўлиш истаги

Энг замонавий технологиялар ҳақида ҳар гал ўқиганимда гап АҚШ ёки қўполроқ қилиб айтганда, Шимолий Америка ҳақида кетаётган бўларди. Мен илғор технологиялар яратиладиган гўшада ҳозир бўлгим келарди. Албатта, АҚШ техносаноатининг юраги — Кремний водийсида бўлишни орзу қилардим. Гарчи ўша пайтда бу жой қаерда жойлашганини ҳам дуруст билмасдим, лекин у менга эртакнамо жойдек туйиларди.

3. Ғояга муккасидан кетиш

Унинг айтишича, ишқий учрашувимизда ундан сўраган биринчи нарсам «Сен бирор марта электромобиллар ҳақида ўйлаганмисан?» бўлган экан. У «Йўқ, ҳеч қачон», деб жавоб берган. Илк учрашувимиз ана шундай совуққина ўтган. Кейинги пайтларда электромобиллар ҳақидаги саволлар қизғин кутиб олинмоқда.

4. Қандай иш билан машғул бўлишни англаш

Коллежда ўқир эканман, мен шунчаки ўйладим: «Қизиқ, инсониятнинг келажагига глобал даражада нима таъсир ўтказа олади? Нимадир менга пичирлаб, бу Интернет, муқобил энергия манбалари, бошқа сайёраларни эгаллаш, генетиканинг ривож топиши ва сунъий идрок бўлишини айтиб турарди.

5. Интернет-инқилобга алоқадорлиги

Бу ҳеч ҳам «О, мен мўмай даромад топишни истайман», деганим эмасди. Интернетга кириш билан Ер шарининг исталган нуқтасидан барча маълумотларга йўл очилади: бу худди асаб тизимидаги импульсларга ўхшайди. Инсоният фаол равишда супертанага айланиб бормоқда — уни илгари бўлиб ўтган бирор нарсага тенглаштириб бўлмайди. Мен ҳам шу жараённинг бир қисми бўлишни истайман.

6. Танқидий фикрлаш ва ахборот иҳотаси

Аксиомаларингиз тўғрими, уни муайян вазиятга нисбатан қўллаб бўладими, тўғри хулосалар чиқарилганми? Танқидий фикрлашнинг моҳияти мана шундан иборат — ҳайратланарлиси, инсонлар кўпинча бундан қочишади. Менимча, ўзи истаган нарсани ҳақиқат дея қабул қилиш — инсон миясини туғма функцияси бўлса керак. Сиз ҳамма нарса сизнингча бўлишини истайсиз, шу сабабли инкор қилиниши мутлақо мумкин бўлмаган ахборотни ҳам инкор этасиз.

7. Ўқишдан кўра уқиш муҳимроқ

Кўплаб болакайлар мактабда нима қилаётганини тушунмайди. Менимча, сизда «нега» ва «нима учун» деган саволларга жавоб бўлса, инсонларни чоғлантиришни ажойиб тарзда уддалай оласиз. Бу ҳолатда улар мақсадни кўра бошлашади.

8. Имкониятлар чегарасида ўрганиш

Менга шундоқ ҳам миям тўлиб тошиб ётгандек туйилади. Бир неча вазифаларни бирваракайига олиб боришга тўғри келади, бу ҳолатда уларнинг ҳар бирини икир-чикиригача текшириб туриш керак. Тўғрисини айтганда, аксарият инсонларда бирор нарсани ўрганиш учун уларга туйилганидан анча ортиқроқ, охиригача амалга оширилмаган қобилият мавжуд. Улар энг кам қаршиликка учраш йўлини танлашади ва алоҳида ғайрат қилишмайди. Битта маслаҳат: билимни ўзига хос семантик дарахт деб тасаввур этиш муҳим — барглар — деталларга ўтишдан олдин фундаментал принциплар, яъни, унинг танаси ва йирик шохлари сизга тушунарли бўлсин, акс ҳолда ушлагани ҳеч нарсангиз бўлмайди.

9. Ҳақиқатнинг аҳамияти

Мен доимо ҳақиқатгача етиб боришга интилганман. Агар сиз қандайдир қарор чиқармоқчи экансиз, унда ҳақиқат, албатта, муҳим аҳамиятга эга.

Бизнес

10. Фойда келтиришга интилиш

Компания тузар экансиз, «Дунёга қандай фойдали нарса етишмаяпти?» деган нуқтаи назардан ёндашган маъқул. Пул ишлаш учун шунчаки тадбиркор бўлишнинг ўзи етарли эмас.

11. Фойданинг аҳамияти

Фикримча, фойда яхши чоғлантира олади, унда принципал жиҳатдан бирор нотўғри нарса йўқ. Аслида фойда сизга қилган ишингиз учун сарфлаганингиздан кўпроқ тўлашаётганини билдиради. Бу яхши.

12. Ўз ишининг усталари

Яхши, маҳоратли бир неча инсонлар гуруҳи ўртамиёна профессионалларнинг йирик гуруҳидан ҳар доим бир қадам олдинда бўлади.

13. Шахсият аҳамиятга эга

Мен йўл қўйган энг катта хато — уни ҳанузгача тўғрилаш ҳаркатидаман — инсоннинг иқтидорига кўпроқ эътибор бериб, шахсиятига лоқайд муносабатда бўлишдир. Аслида оқкўнгиллик — жуда муҳим жиҳат. Чиндан ҳам муҳим. Мен гап фақат мияда, дея жуда кўп адашганман.

14. Рақобатчилар ва уларга ажратилиши лозим бўлган эътибор

Биз кўпинча энг яхши маҳсулотларни ишлаб чиқаришга муккасидан кетиб, рақобатчиларимиз нима билан машғуллигини унутамиз. Марафон масофасига югуриш чоғида бошқа югурувчилар ҳақида қайғуриб ўтирмаслик, шунчаки, югуришда давом этавериш керак.

15. Ўзгаришлар ва муваффақиятсизликларни идрок қилиш

Универсал схемалар йўқ. Хатога қачон ва қандай йўл қўйишингизни олдиндан айтиб бўлмайди. Хатолар ҳам ўлим ҳукми эмас.

16. Фикрларнинг аҳамияти

Доимо танқидни қабул қилинг, айниқса, дўстларингизнинг танқидларини. Чунки улар одатда бу борада ўйлаётган нарсасини доим ҳам ошкор этаверишмайди.

17. Брендларни идрок этиш

Бренд — сифат ҳақидаги тасаввур бўлиб, вақт ўтиши билан у воқеликка мослаша боради. Баъзан кўпроқ, баъзида камроқ. Бироқ, бренд — маҳсулотдан жамоавий таассурот дегани.

18. Муваффақият калити

Бирор нарсадан бошланг, шундан сўнг, ўз тахминларингизни шубҳа остига олиш, хатоларни тўғрилаш ва воқеликка мослашишга тайёр бўлинг.

Инновация, технологиялар, келажак

19. Технологиялар равнақ топиши керак

Инновациялар гуллаб-яшнайдиган муҳит яратиш жуда муҳим, бироқ уларга дарвин руҳиятида ривожланиш учун имкон бериш янада муҳимроқ. Дов юқори бўлганида интуицияга таяниб, бирор бир технологияни танлаш, айнан у ғолиб бўлади, дея таъкидлаш ярамайди — чунки бундай бўлмаслигининг ҳам эҳтимоли бор. Сиз технологияларнинг табиий йўл билан эволюцияга эришишига қўйиб беришингиз лозим.

20. Вайронкор оқибатлар

Фаолиятингиз вайрон қилувчи оқибатларга олиб келмасмикан, деб ўйлаш ҳам муҳим. Агар гап унчалик аҳамиятли нарса ҳақида бормаётган бўлса, оқибатлари ҳам жиддий бўлмайди. Вайрон қилувчи ўзгаришларга ва қандайдир инқилобий нарса сабаб бўлиши мумкин, холос.

21. Келажакдаги сунъий идрок

Сунъий идрок технологиялари кейинги 20 йил ичида ақл бовар қилмас ривожланишга эга бўлади. У аллақачон катта қадамлар билан одимламоқда. Бирор нарсани олдиндан айтиш қийин — истиқбол нуқтаи назаридан бу бир маромдаги жараёндек туюлади. Аслида, ундай эмас. Менимча, сунъий идрок ривожланиши ҳақиқатан ҳам тезлашган.

22. Уникал ихтиролар

Нейрон тўрини яратиш — чиндан ҳам инсоният учун жуда муҳим нарса. Бу бизга машиналар билан ҳамоҳанг яшаш имконини беради.

23. Биз — киборглармиз

Биз аллақачон киборгга айланиб улгурганмиз. Биз тармоқда ўзимизнинг рақамли версиямизни яратамиз: улар бизнинг электрон хатларимиз, ижтимоий тармоқдаги аккаунтларимиз ва бутун онлайн фаолиятимиз шаклини олишган. Бизнинг суперкучимиз компьютер ва телефон иловаларида яширин. Ҳозир оддий инсонда 20 йил аввалги АҚШ президентидан кўра кўпроқ ҳокимият бор. Ҳар қандай саволга жавоб бериш, исталган киши билан видеоконференция ўтказиш, миллионлаб инсонларга бир вақтнинг ўзида хабар жўнатиш мумкин. Мўъжиза яратиш мумкин.

24. Ҳайдовчисиз транспорт

Ўзини ўзи бошқариш тизими инсонларга нисбатан машинани яхшироқ бошқаради. Бир километр масофага нисбатан автоҳалокатлар сони олинса — уларнинг сони камоқ бўлади. Фикримча, ҳайдовчисиз транспортга тўлиқ ўтиш учун уч йилдан кўп вақт талаб этилмайди. Рул ва педалларга эга автомобиль яқин келажакда от-уловдек қабул қилина бошлайди — унда сайр қилиш кундалик воқелик эмас, романтика бўлади.

25. Туннелларининг аҳамияти

Шаҳарларнинг асосий муаммоси шундаки, биз уларнинг 3D форматда барпо этамиз. Ҳамма жойда баланд-баланд бинолар, уларнинг ичида эса кўплаб инсонлар жойлашган — бир вақтнинг ўзида, йўлларимиз эса 2D форматда қурилган. Бу — боши берк кўча. Бундан қутилишнинг йўли — тунеллар қуриш, улар 3D форматга ўтишда ёрдам беради. Бир-бири билан кесишувчи бутун бир тунеллар тармоғини яратиш мумкин — улар орасида бироз вертикал масофа ушланса бас. Шаҳарларда автомобиль тирбандлиги муаммосидан ҳам шу тарзда қутилиш мумкин.

26. Ер ва Марснинг орбитал синхронизацияси

Марсга икки йилда бир марта йўл олиш мумкин, чунки Ер ва Марс орбиталарининг синхронизацияси айнан шунча давр оралиғида рўй беради. Бироқ мен буни цивилизация ривожланишининг қизиқарли йўли, деб биламан. Инсонлар бир бирлари билан учрашиб, бошқа сайёраларга саёҳат ҳақида муҳокама қилишади.

27. Реалликни моделлаштириш

Умид қиламанки, инсон — рақамли супер идрок солиб қўйиш мумкин бўлган биоконтейнер эмас. Таассуфки, ҳали шундай қилиш ҳам мумкин бўлади.

28. Цивилизацияларнинг технологик таназзули

Аксарият инсонлар технологиялар автоматик мукаммаллашмаслигини тушунмайди. Бу беқиёс меҳнат ва инженерлик иқтидорини сарфлаш туфайли юз беради. Тарихда цивилизациялар маълум бир технологик даражага етишиб, яна аввалги даражасигача тушиш ҳоллари кўп юз берган. Бу ҳолда кейинги тикланиш жараёнлари учун минг йиллаб сарфланган.

29. Технолгиялар соҳасида шиддатли ўсиш

Техносаноатда кимдир инқилобий ихтиро қилса, бу асло оддий нарса эмас. Кўпинча бу жиддий инновацияларга олиб борувчи бир неча жараёнларнинг умумлашмаси бўлади.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 34342 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 72622 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 10606 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 136911 Жамият
Шавкат Мирзиёев: «Пастга тушиб, одамларнинг дарди билан яшаш — яккаю ягона ва энг улкан мақсадимиздир»
А серия. «Наполи» ҳам ишончли ғалаба билан старт олди
03:03 260 Спорт
Гулистон туманидаги намунали уйларнинг намунасиз кўчалари. Мутасаддилар бунга нима дейди?
02:35 1105 Жамият
Виталий Денисов футболга қайтганидан хурсанд
02:29 602 Спорт
«Агробанк» ҳақми ёки биолаборатория? Зарбдордаги чигал муаммони ким ҳал қилади?
02:25 795 Жамият
«Ўзбекистонда болалар кейинги 5 йил мобайнида боғчага 100 фоиз жалб қилинади» — Президент
Кўпроқ янгиликлар