Инсон ҳаёти давомида кўплаб кутилмаган вазиятларга дуч келади. Ана шундай вазиятда кишининг танлови кўп нарсани ҳал қилиши мумкин: тўғри йўлни танласа ютуғи, эгрисини маъқул кўрса, ортиқча ташвишга рўбарў келиши тайин.

Кун.uz’га Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, деҳқонободлик Жасур Бегматов ҳам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кутилмаган ҳолатга дуч келди. У ўзи истиқомат қиладиган хонадонда жойлашган хўжалик хонасини бузаётган вақтда бинонинг тепа қисмида тўсин сифатида фойдаланилган труба ичидан 16 калибрли Л7691 серия рақамли қурол қисмларини топиб олди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқорида назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс эса жавобгарликдан озод қилинади. 

Буни англаган Ж.Бегматов топилмани зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига топширди.

Яна бир ҳолатда Алишер Акбаров ҳам молхонасида жойлашган охур тагидан бир дона 20 калибрли Н67506 серия рақамли қурол топиб олди. У ҳам дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди ва қуролни топширди.

2016 йилнинг биринчи чорагида 8 та ҳолатда 6 та қурол ҳамда 114 та турли хилдаги ўқ-дорилар фуқароларнинг ўз ихтиёрлари билан топширилишига эришилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг биринчи чорагида бир неча баробарга ошди ва 20 та ҳолатда 13 та қурол ҳамда 156 та турли хилдаги ўқ-дориларни ташкил этди.