Kia компанияси Россия бозорига мўлжалланган янги авлоддаги Rio седанини расман тақдим этди. Юкхонаси ҳажми 20 литрга камайган модель премьераси Санкт-Петербургдаги ёпиқ тадбирда бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Autonews.

Янги Rio’нинг узунлиги 4400 миллиметрга, кенглиги эса - 1740 миллиметрга тенг. Ғилдирак базаси 2600 миллиметрни ташкил этади. Аввалги авлоддаги моделнинг узунлиги 4377 миллиметр, кенглиги - 1700 миллиметр, ғилдирак базаси эса - 2570 миллиметр эди. Седаннинг йўл кўриш имконияти ўзгармаган ва 160 миллиметрга тенг.

Модель юкхонаси бироз кичрайганига қарамай, салондаги жой кенглиги ошди. Масалан, иккинчи қатордаги йўловчилар оёғидан олдинги ўриндиққа қадар бўлган масофа 24 миллиметрга, елкалар кенглиги эса 18 миллиметрга ошди.

Бюджетли седанда ёнилғи баки (43 дан 50 литргача) ва олд ойнани ювиш учун суюқлик бакчаси ҳажми ҳам ошди (тўртдан 4,6 литргача).

Kia Rio мотори сўнгги авлоддаги Hyundai Solaris седанига ўхшаш бўлади: иккита бензинли 1,4 ва 1,6 литрлик иш ҳажмига эга “тўртталик”. Биринчиси 100 от кучини берса, иккинчиси – 123. Ҳар икки қурилма ҳам олти поғонали механик узатмалар қутиси ёки олти диапазонли “автомат” билан уйғун ҳолда ишлайди.

Янги авлоддаги Kia Rio’да етти дюймли сенсорли экранга эга мультимедиали тизим, Apple CarPlay ва Android Auto, орқа томонни кўриш камераси, бурилишларни ёритиш функцияси мавжуд, салоннинг ички қисми чарм билан қопланган, орқа ўриндиқлар иситилади, шунингдек, шиналардаги ҳаракатни назорат қилиш тизими бор. 

Седан тез орада Hyundai-Kia’нинг Санкт-Петербургдаги корхонасида ишлаб чиқарила бошланади. Янгилик жорий йилнинг учинчи чорагидан сотувга чиқиши мўлжалланган. Уни нархи ҳозирча номаълум.