Халқаро мажбуриятларни бажариш мақсадида, 26 июнь “Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш” куни муносабати билан ҳамда Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жорий гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбирини ўтказди.

Жорий йилнинг 23 июнь куни идоралараро комиссия томонидан 2 тонна 4,5 кг гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 22 кг героин, 1 тонна 154 кг опий, 101 кг гашиш, 384 кг марихуана, 337 кг кўкнор, 170 гр.дан ортиқ янги турдаги психофаол воситалар (“Спайс” ва бошқалар) ҳамда катта миқдордаги кўкнори хашаги, наша ва психотроп моддалар ёқиб юборилди.

Ушбу тадбирда мутасадди идораларнинг ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Маълумот учун, республикада амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда ёқилиб юборилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1994 йилдан буён 57 тонна 443 кг наркотик моддалар йўқ қилинди.