Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшиш истагида мамлакатга ташриф буюраётган ватандошларимиз учун шароит яратиш кераклигини таъкидлади.

Буюк британиялик ватандошимиз Акбар Ашуров ҳам Фарғонадаги мулоқот давомида Жиззах вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳани тақдим қилди. 

“Агар сиз Англиянинг ҳавосини олган бўлсангиз, Ўзбекистонда ҳам шу бизнесга шароит ҳавоси кирмоқда секин-секин. Мана ҳозир қарорларимизни кўраяпсиз, стратегиямизни кўрдингиз, монетар сиёсатимизни кўраяпсиз. Умуман, тадбиркорликда иқтисодий манфаатдорлик бўлмаса, унинг ичига кириш керак эмас. Замон шундай. Қачон дунёқараш ўзгаради – иқтисодий манфаатдорлик бўлса, пировард мақсад, натижа. Ана шу нуқтаи назардан ҳозир бизга кирганлар эртага кам бўлмайди. Нима қилиб сизга ёрдам берай? Нима қилиб сизни ишонтирай, сизга ўхшаган кўп ўзбеклар қайтиб келиши учун?”, - деди давлат раҳбари Ашуров билан мулоқот чоғида.

“Биз кўп нарсаларни амалга оширамиз. Эркин савдо, эркин валюта, Ўзбекистоннинг шунча имкони, меҳнаткаш халқининг шароити сизларнинг ҳам обрўларинг. Мени ватаним ҳам шундай, келгин, дейишларингга биз шароит яратамиз”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Буюк британиялик инвестор Акбар Ашуров эса Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, тадбиркорларга яратилаётган янги шароитларни кўриб, ҳозирги  шароитдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда яна қўшимча бизнес қилишга, инвестиция қилишга ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилганини айтиб ўтди.