23 июнь куни Президент «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорга кўра, марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

мамлакат асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;

марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;

ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;

жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;

ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарлар, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;

марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;

Европа ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган мусулмон ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;

жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси» деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;

бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади.

Марказни молиялаштириш манбалари — давлат бюджети маблағлари, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушадиган ихтиёрий бадаллар, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари, муайян лойиҳа ва грантлардан ажратилган маблағлар.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчилари Х. Султонов, Р. Комилов зиммасига юкланди.