Европа Иттифоқи дипломатия хизмати — “European External Action Service” сайтида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларига бағишланган материал чоп этилди. Унда икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз боради.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон — Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар мамлакатимиз мустақилликка эришганидан бери жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 1996 йилда шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур битим сиёсий мулоқот, савдо, бизнес, инвестиция, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, қонунчилик ва иқтисодиёт, демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари, ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш, гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни қамраб олган. Битим доирасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бир-бирини қўллаб-қувватлаши, импорт ҳамда экспорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан божхона йиғимлари, шунингдек, бож тўловларида преференциялар бериши бўйича қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган. 

2007 йилдан бери Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳар йили инсон ҳуқуқлари, одил судлов ҳамда бошқа масалалар юзасидан Брюссель ва Тошкентда мулоқот ўтказиб келади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан муносабатлари мазкур тузилманинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Унда ҳамкорликнинг умумий мақсадлари, сиёсий мулоқот ва Европа Иттифоқи иштирок этиши мумкин бўлган устувор йўналишлар белгилаб берилган. 

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан суд тизими, давлат бошқаруви ҳамда хавфсизлик соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, муқобил жазо турларини кенгайтириш бўйича аниқ қадамлар ташланаётгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашнинг таъсирчан институционал ҳамда ҳуқуқий механизмлари жорий қилинаётгани ҳам диққатга сазовор. Ўз навбатида, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланмоқда.

Ушбу ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётир. Жорий йилнинг май ойида биринчи марта юртимизга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ташриф буюрди. Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида изчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётгани, бу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. БМТ махсус маърузачилари билан ҳамкорликни қайта тиклаш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Бишкек шаҳридаги Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ишлашни йўлга қўйиш юзасидан дастлабки келишувга эришилгани ташрифнинг энг муҳим натижаси бўлди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги турли даражадаги, жумладан, Европа парламенти вакиллари, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Европа молия институтлари, Европа ташқи алоқалар хизмати ҳамда Европа Комиссияси расмий ходимларининг кўп сонли ташрифлари билан янада ривожланиб бормоқда. Жумладан, шу йилнинг апрель ойида мамлакатимизга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан ЕИ 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ислоҳотлар нафақат Европа Иттифоқи, айни пайтда қўшни давлатлар билан ҳам ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. ЕИ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан чегара ва бошқа масалалардаги ҳамкорлигини юқори баҳолайди. Бу минтақавий ҳамкорлик бўйича лойиҳаларга ижобий таъсир кўрсатади. Мазкур лойиҳалар таълим сифатини юксалтириш, қонун устуворлиги ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш ҳамда табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган.

“European External Action Service” сайтида ёзилишича, ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар билан тўлдирилмоқда. Масалан, 2017 йил февраль ойида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида қайта тикланадиган энергия соҳасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади. Кун тартибидан долзарб масалалар ўрин олган.