Венесуэлада 2016 йилдан ҳозирги кунгача зарур дори-дармонлар йўқлиги сабабли гемофилия (қон кетиши билан боғлиқ ирсий касаллик) билан касалланган камида 22 киши вафот этди. Бу ҳақда Венесуэланинг гемофилия билан касалланганлар уюшмаси координатори Антониа Луке маълум қилди. 

Унинг айтишича, айни вақтда ёрдам кўрсатишнинг янги қоидалари сабабли бу ташхисга эга 270 дан кўпроқ одамнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.  

"Биз бевосита президент Николас Мадурога, соғлиқни сақлаш вазири Луис Чехаде, Венесуэла ижтимоий суғурта институти раҳбари Карлос Ротондаро ва инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Тарек Вильям Саабга мурожаат қилдик", деб айтмоқда Луке. Унинг таъкидлашича, вилоятларда яшовчи касалларга айниқса қийин бўлмоқда, чунки зарур дори-дармонлар у ерларга мунтазам етказилмайди.

Мухолифат назоратида бўлган мамлакат парламенти 2016 йил бошидаёқ "соғлиқни сақлаш соҳасида гуманитар инқирозни" эълон қилганди. Шифокорлар ҳамжамияти вакиллари, жумладан Тиббиёт федерацияси раиси Дуглас Леон Натера дориларнинг ўткир етишмаслиги ва зарурий ёрдамни кўрсатишдаги қийинчиликлар ҳақида гапириб ўтгандилар. Бироқ ҳукумат даражасида бу маълумотлар инкор қилинмоқда.