Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хенинг дугонаси, йирик коррупцион можаро бўйича гумонланувчи Чхве Сун Силь 3 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Yonhap ахборот агентлигининг маълум қилишича, суд Силни қизи Чон Ю Ра ўқиган университетга ноқонуний босим ўтказгани учун шу муддатга қамашга қарор қилди.

Терговнинг аниқлашича, Чхве Сун Силь президент билан алоқаларидан фойдаланиб, университет раҳбариятидан ўз қизига бошқаларга нисбатан устунроқ муносабатда бўлишни талаб қилган. Силга, жумладан, университет маъмурияти билан қизининг ўқишга кириши бўйича тил бириктириш айблови қўйилган.

Пак Кин Хенинг дугонаси шунингдек университет педагогик таркибидан қизининг бажармаган уй топшириқлари учун баҳо қўйиб беришини талаб қилган.

Ушбу ҳукм Чхве Сун Силга нисбатан олиб борилган ва ҳозирда судга топширилган бир қатор ишлар бўйича чиқарилган биринчи жазо ҳукми бўлди. Собиқ президентнинг дугонаси Жанубий Кореяда ўтган йил авж олган коррупцион можаро бўйича асосий гумонланувчи бўлиб қолмоқда.

Тергов тахминича, Силь ҳеч қандай давлат лавозимларини эгалламай туриб, мамлакатни бошқариш жараёнида фаол иштирок этган ва олий даражадаги сиёсий қарорлар қабул қилинишига аралашган.