Бундан бир ой муқаддам бир нур инган эди. Қалб сокинлашиб, нафс исёни тинган эди. Она бағрида кўз юмиб, ҳудди шу иссиқ бағирда кўз очилаётган эди. Таранг асаблар юмшаб, иймон остига сув қўйилган эди. Ҳеч бир сабабсиз кўзларга ёш келиб, руҳ қушдек енгил бўлган эди. Бундан бир ой муқаддам Рамазон кириб келган эди. Аммо у бизларни бўзлатиб кетар бўлди...

Алвидо... алвидо, эй Рамазон! Алвидо... алвидо, эй таровеҳ, тасбеҳ ва хатми Қуръон ойи...

Нур тўла кечаларда Қуръон хатмини эшитган эдим. Эшитиб қалбим титраб, кимлигимни билган эдим. Ана қўшним, ана амаким, ана тоғам... таровеҳга чиқиб, бошимни саждага қўйган эдим. Қўйиб туриб, Яратганимни қаршимда эканлигини ҳис қилган эдим. Ҳозир эса ҳазин ҳолда тасбеҳ айтилмоқда...

“Алвада... алвада, йаа шаҳро рамадоон, алвада... алвада, йаа шаҳрот-тароовииҳи ват-тасаабиҳи ва хотмил-қуръаан”. 

Оилада ўтувчи мўъжаз ифторликлар қани энди? Отамнинг умумий дуо қилиб, таомланишни бошлаб беришлари қани энди? Онам умид ила Каломуллоҳни варақлар эди, ҳоллари не кечар бўлди? Бизни ташлаб кетар бўлдинг, эй Расулимнинг севган ойи... Сенинг қадрингни билмадим, қадринг билиб дунёни елкам оша отолмадим. Сендан бизга бир умид қолди, тинчлик қолди, барака қолди. Сендан бизга нур қолди, кўкарган иймон ва илинж қолди. 


Алвидо... алвидо, эй Қуръон ойи. Алвидо... алвидо, эй нажот ва саодат ойи. Биз сени яна кутамиз, йўлингда кўзимиз, кўзда ёшимиз ила кутамиз... Алвидо, эй боримиз, борлиғимиз шаҳри Рамазон! 

Сарвар Анвар ўғли