АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳолливуд актёри Жонни Деппнинг ҳазилидан хафа бўлганини айтиб, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қоралашини таъкидлаган, дея хабар бермоқда ABC News телеканали.

Буюк Британиянинг Гластонбери мусиқа фестивалида киноактёр Жонни Депп ўзи бош ролни ўйнаган «Ахлоқсиз инсон» фильми намойиши олдидан Америка етакчиси ҳақида ҳазил қилиб, тўпланганларнинг олқишига сабаб бўлган.

— Бу ерга Трампни таклиф қилиш мумкинмиди, деяпсизларми? Менимча, у одам ёрдамга муҳтож. Ахир у бу ерга келса, бу воқеа матбуотда шов-шув бўлиб кетади ва бу жуда даҳшатли воқеа бўлади. Унда сизларнинг ҳам иштирок этишингизни истайман. Сўнгги марта актёр президентни қачон ўлдирган эди?  — деган Жонни Депп.

Ҳолливуд актёри «Ишбилармонлик санъати» китобига пародия сифатида суратга олинган 50 дақиқалик «Битим тузиш санъати» комедия жанридаги фильмида АҚШнинг амалдаги президенти ролини ҳам ўйнаган.

Трамп маъмуриятидагиларнинг хабар беришларича, у зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ва Жонни Депп сингари машҳурлар ҳам бунга риоя қилмаётганидан ташвишда.

Америка етакчисининг маъмуриятидагилар Жонни Деппнинг ҳамкасблари бундай мазмундаги гап-сўзларга қарши чиқиш қилиб, энди ҳеч қачон зўравонликни қўллаб-қувватламасликларидан умид қилишаётганини билдиришган.

АҚШ президенти махфий хизмати эса актёрнинг гап сўзларини алоҳида назоратга олиб қўйишганини таъкидлашган.