Қатар ўз атрофида юзага келган инқирозни ҳал қилиш бўйича унга араб давлатлари қўяётган талабларни нореал деб атади ва уларни қайта қўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Сонийнинг баёнотига иқтибос келтирган ҳолда "Ал-Арабия" телеканали хабар бермоқда.  

Вазир, шунингдек, Қатарга қарши киритилган санкцияларни "ноқонуний" ва давлат суверенитетига путур етказувчи деб атаган.

Қатар ташқи ишлар вазирлиги талаблар рўйхатини ўрганиб чиқиб, инқирозни ҳал қилишда воситачилик қилаётган Кувайт орқали тегишли жавоб беришини маълум қилган.  

Аввалроқ Миср, БАА, Саудия Арабистони ва Баҳрайн Кувайт орқали Қатар ҳукуматига Доҳанинг дипломатик яккалатилишини тўхтатиш учун зарур бўлган талабларни топширишган.  

Тўрт араб давлати Қатардан Эрон билан дипломатик алоқаларни узишни, ўз ҳудудидаги Туркия ҳарбий базаси ва "Ал-Жазира" телеканалини ёпишни талаб қилмоқда. Ушбу талабларнинг бажарилиши учун Доҳага 10 кунлик муҳлат берилган.

Форс кўрфази давлатларидан Кувайт ва Уммон Қатарнинг дипломатик яккалатилишига қўшилмаган. Расмий Доҳа унга қўйилаётган барча айбловларни инкор этмоқда.