Қозоғистондаги ЙТҲда жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди

Ўзбекистон 24 Июнь 2017 25801

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълумотига кўра, 2017 йилнинг 22 июнь куни соат 10:20 да Оқтўба вилоятида “Волгоград - Чимкент” йўналишида “Мерседес” русумли автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраган. 

Автобусда жами 52 нафар йўловчи бўлиб, улардан 50 нафари Ўзбекистон Республикаси, 2 нафари Қозоғистон Республикаси фуқаролари бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон Республикасининг 9 нафар фуқароси вафот этган, 7 нафар фуқароси жабрланиб, Айтикеб тумани шифохонасига ётқизилган. Воқеа жойида 10 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 21 нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида жабрланмаган.

ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги махсус ҳарбий транспорт самолёти жорий йилнинг 23 июнь куни соат 19:40 да Нукус шаҳридан жабрланган ва вафот этган фуқароларни олиб келиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Оқтўба шаҳрига учиб кетган ҳамда шу куни соат 23:00да Оқтўба шаҳар аэропортига қўнган. 

Ўзбекистон Республикасининг 9 нафар вафот этган, 7 нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар фуқароси Оқтўба шаҳар аэропортидан Тошкент шаҳрига соат 11:40 олиб келинди.

Вафот этган фуқаро М.Эргашев Hunday русумли махсус тиббий автомашинасида Жиззах вилоятига олиб борилади.

Вафот этган фуқаро Т.Джумаев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси кўмагида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар аэропортига олиб борилади.

Вафот этган 7 нафар фуқаролар 24 июнь куни соат 12:40 да Мудофаа вазирлигининг самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келиниб, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи яқинларига топширилади.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади. Қолган фуқароларга доимий яшаш жойларига етиб боришлари учун амалий ёрдам кўрсатилади.

Кўпроқ янгиликлар