Тожикистонда бир аёл икки кишининг қотиллигида гумон қилиниб, милиция ходимлари томондан ҳибсга олинди. Маълум қилинишича, Хатлон вилоятининг Пахтакор қишлоғида яшовчи 37 ёшли аёл ўз турмуш ўртоғи ва унинг яқинларини заҳарлаб келган.  

Ички ишлар вазирлигида маълум қилинишича, аёл турмушга чиққанининг илк кунлариданоқ 43 ёшли эри ва унинг яқинларини ёмон кўриб келган. У 2014 йил 29 июнда курутоб деб номланувчи миллий таом тайёрлаб, унга ҳашаротларга қарши восита аралаштириб қўйган ва шу заҳарланган таомни далада ишлаётган эри ва унинг оиласи аъзоларига олиб борган. Бу таомни тановул қилгандан кейин 8 киши заҳарланиш билан шифохонага етказилган. Улар орасида аёл эрининг 39 ёшли укаси, унинг 34 ёшли рафиқаси ва 3 нафар ёш бола ҳамда эрининг қариндошлари – Душанбеда яшовчи 19 ёшли бола, 38 ва 36 ёшли эркаклар бўлган.   

Заҳарланиш оқибатида аёл эрининг укаси вафот этган. Қотил аёл бу билан чекланиб қолмаган. У шу йилнинг сентябрида эрининг оиласини заҳарланган нонлар билан "сийлаган". Бунинг оқибатида Панж вилояти шифохонасига аёлнинг 34 ёшли бева овсини, эрининг 26 ёшли синглиси ва 4 ёшли қизча тушиб қолганлар. Улар орасидан норасида қизча аёлнинг қурбонига айланган.  

Нафратдан "ақли озган" аёл эрининг амакиси вафоти билан ўтказилаётган уч кунлик мотам иштирокчилари учун яна заҳарланган нонлар пиширган. Бу галги заҳарланишдан Қўрғон-тепа шифохонасига 7 киши етказилган.  

Охир-оқибат аёлнинг кирдикорлари маълум бўлиб, унга нисбатан қотиллик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Айни вақтда тергов олиб борилмоқда.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги сайтида заҳарлаш ҳолатлари нима учун 2014 йилда қайд қилингани, жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги хабар эса энди пайдо бўлгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.