Қирғизистон пойтахти Бишкекда Ўрта Осиёда энг катта масжид деб эътироф этилаётган масжид қурилиши ўз якунига етди. Фақатгина масжид ҳудудини ободонлаштириш ишларигина қолди, деб хабар бермоқда "Анадолу" ахборот агентлиги. 

Масжиднинг майдони 7,5 минг квадрат метрни ташкил қилади. Масжид ичида бир вақтнинг ўзида 6 минггача киши ибодат қилиши мумкин. Яқин атрофдаги ҳудудлар ҳисобга олинганда, масжидга ибодат қилгани келувчилар сони 20 минггача етиши мумкин. Масжид баландлиги 70 метрдан бўлган 4 та минора ва иккита киришга эга.

Масжид мажмуаси 500 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, Қуръон тиловати курсларини ташкиллаштириш учун хона, анжуманлар зали ва фавворани ўз ичига олган. 

Усмон империяси архитектураси услубида яратилган ушбу масжидни қуриш 2012 йилда бошланган. Масжид Анқаранинг Хўжатепа туманида жойлашган Туркиядаги энг катта масжидга монанд қурилган.