Москва масжидида минглаб мусулмонлар Ҳайит намозини адо этишди. Бу ерда Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равиль Гайнутдин мусулмонларни муборак байрам билан қутлади. РИА "Новости" шу ҳақида хабар берди.

"Биз рўза амалларини бажардик... Ушбу муборак Рамазон вақтида ҳар бир мўмин нафақат таом ва сув истеъмолидан, балки ёлғончилик, ҳақорат, қўполлик, алдов, фитна, қон тўкиш ва қотиллик каби иллатлардан тийилишга ҳаракат қилади. Афсуски, дунёда ҳатто ушбу муқаддас ойда ҳам ўзини ёмонликлардан сақлай олмайдиганлар ҳам талайгина", - деди Гайнутдин. 

Шунингдек у йиғилганларга Россия президенти Владимир Путин, РФ ҳукумати раиси Дмитрий Медведев, Москва мэри Сергей Собянинларнинг Ҳайит табрикларини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг мусулмонлар байрам намозини адо этишди. 

Таъкидлаш жоизки, Россия пойтахтининг қолган қатор масждиларида ҳам Ҳайит намозлари адо этилган.