Наманганда профилактика инспекторларига хизмат уйлари топширилди

Жамият 25 Июнь 2017 7215

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселекторда профилактика инспекторларига муносиб шарт шароитлар яратиш учун хизмат турар жойлари билан таъминлаш топшириғи берилган бўлиб,  шу асосда 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2906-сонли Қарори ижросига мувофиқ, Наманган вилояти ҳудудида дастлабки 26 та хизмат турар жойлари фойдаланишга топширилди. 

Жумладан, 2017 йил 23 июнь куни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Чортоқ ва Уйчи туманларида фаолият кўрсатаётган профилактика инспекторлари қад ростлаган, барча шароитлар муҳайё этилган дастлабки хизмат уйларининг калитларини тантанали равишда қабул қилиб олдилар. Маросимда вилоят ҳокими Х.Бозоров, вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошпўлатов, туман раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ички ишлар органларида узоқ вақт меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрийлар иштирок этиб, профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзоларини янги хизмат турар жойлари билан самимий қутладилар. 

- Хизматга 35 километр узоқликдан қатнар эдим, хизмат уйи билан таъминланишим ҳамда бундай ғамхўрлик жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида, аҳолининг барча қатламлари билан тизимли мулоқот қилишимда мен учун барча имкониятларни яратиб беради, - дейди Янгиқўрғон туманидаги “Ровут” ва “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори лейтенант Алимардон Мирзавалиев.

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари билан таъминлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. 

Кўпроқ янгиликлар