Кун.uz’нинг “Рамазон туҳфаси” лойиҳаси доирасида дин уламолари билан олиб борилаётган файзли суҳбатларни давом эттирган ҳолда галдаги меҳмонимиз Тошкент шаҳридаги "Новза" жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин қори Ҳамроқулов бўлди.

Биз у киши билан хайр-эҳсон ва саховат, бу ишлар орқали келадиган улуғ савоблар ҳақида суҳбатлашдик.

“Саховат мавзуси бугуннинг долзарб мавзусидир. Бунинг ўзига хос сабаблари мавжуд. Биз хайр-эҳсон ва саховат тушунчаларини жуда тор маънода англайдиган бўлиб қолганмиз. Хусусан, моддий маънода, яъни “пули тўлиб-тошиб кетган одам саховат қилиши керак-да”, деган нотўғри тушунчага баъзи одамлар тушиб қолмоқда. Аслида, динимизда бу тушунчаларнинг асл моҳияти ўзгача тушунтирилади. 

Биринчидан, “саховат” сўзининг луғавий маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, у “сахийлик”, “жўмардлик”, “олийжаноблик”, “ҳимматлилик” деган маъноларни ўзида мужассам этган. Эътибор бериб қаралса, бу тушунчаларнинг барчаси инсон томонидан содир этиладиган хатти-ҳаракатларда мужассамлашган. 

Саховатли бўлишга Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ўзлари ёрқин намуна бўла оладилар. У киши дини, ирқи, миллати, умуман келиб чиқишидан қатъи назар, одамларга доим меҳр-мурувватли ва хайр-саховатли бўлганлар. 

Саховат одобларига кирадиган амаллардан бири шуки, у аввало аҳли оилага, сўнгра эса қариндош-уруғ ва қўни-қўшнига қилинади. Сўнгра бошқа одамларга берилади. Шунинг учун бизнинг Ханафий мазҳабимизда Рамазон ойида қилинадиган закот бериш ибодати ҳам биринчи унга эҳтиёжи бор қариндошлардан бошланади.

Жалолиддин қори Ҳамроқулов билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида саховат қилишда амал қилинадиган одоблар, бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадислари сўзланди, улардан зарур ўрнак олинди.