Канадада 1 150 000 километрдан кўпроқ йўл босиб ўтган Porsche 911 Turbo (930) топилди. Автомобиль 1976 йилда сотиб олингандан бери бир одамга тегишли бўлган. У спорткардан кундалик юмушлар учун фойдаланган. Бу ҳақдаги кичик лавҳа марканинг YouTube-каналида жойлаштирилди.

Автомобиль гиламларни ювиш фирмасини бошқарадиган Билл МакИчекран исмли шахсга тегишли. Унинг айтишича, у мижозлар билан исталган учрашувга, ҳаттоки гиламдаги кичкина доғни кўриш учун ҳам мамнуният билан боришга тайёр, чунки бу унга "Порше"сига ўтиришга яна бир сабаб бўлади. 

2016 йил охирида АҚШда 1960 йилда ишлаб чиқарилган ва 1,6 млн км дан кўпроқ йўл босиб ўтган Porsche 356 топилганди. Бу автомобиль эгаси ундан мунтазам фойдаланади ва машина ҳанузгача яхши техник ҳолатга эга.

1975 йилдан 1977 йилгача ишлаб чиқарилган Porsche 930 3 литрли, 6 цилиндрли ҳамда ҳаво билан совитиладиган турбомотор ва 4 поғонали механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Двигатель 260 от кучи бера олган. 1978 йилдан компания бу двигателни 300 от кучи берувчи 3,3 литрли двигатель билан алмаштирган.