Мўғулистонда душанба куни президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакат фуқаролари умумий тўғридан-тўғри овоз бериш йўл билан республиканинг бешинчи раҳбарини сайлашади.

Мўғулистонда президентлик сайловлари еттинчи маротаба ўтказилмоқда, уларда йирик сиёсий партиялардан учта номзод иштирок этаяпти. Демократик партия вакили бўлмиш амалдаги давлат раҳбари Цахиагийн Элбэгдорж лавозимида икки муддат қолди, ҳамда мамлакат қонунчилигига кўра, учинчи маротаба ўз номзодини қўйишга ҳақи йўқ.

Агарда республиканинг янги раҳбари овоз беришнинг биринчи турида сайланса, инаугурация 10 июль куни бўлиб ўтади, шундан сўнг президент ўз вазифасини бажаришга киришади.

Мўғулистон географик жойлашуви ва бой табиий ресурслари сабаб минтақадаги муҳим ўйинчига айланиб бормоқда, шунинг учун бугунги сайловлар замонавий Мўғулистон яқин тўрт йил ичида қайси йўлдан кетишига таъсир кўрсатади.

Республика президенти умумий тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан 4 йилга сайланади. 50 фоиздан кўпроқ овозни қўлга киритган номзод ғолиб бўлади, агарда ҳеч бир номзод етарлича овозни қўлга кирита олмаса, икки ҳафта ичида иккинчи тур бўлиб ўтади ва унда президентлик пойгаси ғолиби аниқланади.

26 июнь куни мамлакат ҳудудида 1983 та сайлов участкаси очилди. Мўғулистоннинг хорижда яшовчи фуқаролари мамлакатнинг дипломатик миссиялари ҳудудида 10 ва 11 июнь кунлари овоз беришди.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва интеллектуал мулк масалалари бўйича бош бошқарма маълумотларига кўра, Мўғулистоннинг 2 002 3018 фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. Бироқ, турли сабабларга кўра, улардан фақатгина 1 978 294 таси сайлов рўйхатларига киритилган. 

Жорий йилдаги президентлик сайловларига қизиқиш катта, овоз бериш жараёнини 36 давлатдан келган 117 хорижий кузатувчи назорат қилиб боради. 

Шу билан бирга, Мўғулистонда сайлов куни exit poll сўровларини ўтказиш тақиқланган, шу сабабли овоз бериш бўйича маълумотларни мамлакат МСКдан билиш мумкин бўлади.

Мамлакат президенти лавозимига учта номзод даъвогарлик қилмоқда. Мўғулистон халқ партиясидан (МХП) Миеэгомбин Энхболд номзод бўлса, Демократик партиядан (ДП) Халтмаагийн Баттулга қатнашмоқда, Мўғулистон халқ-инқилобий партияси (МХИП) вакили эса - Сайнхуугийн Ганбаатар.

МХП етакчиси Миеэгомбин Энхболднинг маълум қилишича, сайловларда ғалаба қозонадиган бўлса, мамлакатни инқироздан олиб чиқиш, иқтисодий ўсишнинг секинлашишини тўхтатиш, барқарорликка эришиш ва бойлар ҳамда қашшоқлар ўртасидаги фарқни қисқартиришга ҳаракат қилади.

МХИП вакили Сайнхуугийн Ганбаатар эса депутатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш ва шаффоф ҳукумат ҳамда жамиятни яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Халтмаагийн Баттулга, худди амалдаги президент каби, Демократик партия (ДП) вакилидир. У қашшоқлик, коррупция, ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик билан курашиши ҳақида маълум қилган.