Нидерландиядаги собиқ турмалар ҳудудларида қочқинлар учун бошпаналар яратилмоқда. Мамлакатда жиноятчилик пастлиги сабабли турмалар бинолари бекор тургани сабаб шундай қарорга келинган. Муҳожирлар турмаларга вақтинчалик – камида 6 ойга, қочқин мақомини олмагунларигача жойлаштирилмоқдалар. Уларда яшовчи муҳожирлар шаҳарга эркин чиқа олишади. National Geographic’нинг таъкидлашича, қочқинларда ишлаш учун рухсат йўқ, бироқ улар бошпаналарда голланд тилини ҳамда волонтёрлар бошчилигида велосипедда учишни ўрганишлари мумкин бўлади.   

Мисол учун, Харлемдаги De Koepel собиқ турмасида ички ҳовли футбол майдонига айлантирилган. Бошпаналарга айлантирилган баъзи турмаларда гимнастик заллар, ошхоналар ва очиқ боғлар мавжуд. Хогевендаги турмада эса баланд ташқи деворлар, тиканак симлар олиб ташланиб, камералар ичидан ҳам очиладиган қилиб ўзгартирилган.

Мамлакат адлия вазирлиги маълумотларига кўра, голланд турмаларининг учдан бири мамлакатда охирги 20 йил ичида жиноятчиликнинг мисли кўрилмаган даражада пасайиши ҳамда маҳбусларни реабилитация қилишга қаратилган янги ёндашув сабабли бўшаб ётади.  

Нидерландия ҳукумати шунингдек бўшаб ётган турмаларни бошқа давлатларга ижарага беради. Мисол учун, Бельгия Нидерландияга 500 га яқин маҳбусини жазони ўташ учун жўнатган. Норвегия эса Нидерландияга 242 кишилик Норгерхафен турмасининг 3 йиллик ижараси учун 27 млн доллар тўлашга рози бўлган. Бу турмада баъзи маҳбусларга жўжалар кўпайтириш ва сабзавотлар етиштиришга рухсат берилган.