8 карра Олимпия чемпиони, ямайкалик спринтер Усэйн Болт Токиода ўтадиган 2020 йилги Олимпиадада иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда унинг ўзи Остравдаги матбуот-анжуманида маълум қилди.

Болт 2016 йилги Риодаги Олимпиада у учун охиргиси бўлишини айтиб келаётганди. 30 ёшли спортчи профессионал фаолиятини Лондонда 5-13 августда ўтадиган 2017 йилги жаҳон чемпионатидан кейин якунлашни режалаштираётганди. 

"2020 йилги Олимпиадада иштирок эта оламан, деб аниқ айта олмайман. Узоқ вақтга олдиндан бирор нарса айтишни ёқтирмайман. Агар ўзимда куч топа олсам, албатта иштирок этаман, бироқ бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, мени у ерда мураббий сифатида аниқ кўрмайсиз", деб айтган Болт. 

Болт 100 ва 200 метрга югуриш бўйича қаторасига учта Олимпиадада олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлган ягона спортчи ҳисобланади. Унинг ҳисобида 100 (9,58 сония)  ва 200 метрга (19,19 сония) югуриш бўйича жаҳон рекордлари бор.