Журналист Брайан Мерчанд илк iPhone’ни яратилишининг яширин деталлари ҳақида қурилманинг 10 йиллик юбилейига атаб материал тайёрлади.

Стив Жобс илк iPhone тақдимотида. Фото Getty

Роппа-роса 10 йил муқаддам, 2007 йилнинг 29 июнида iPhone’нинг — айни пайтда IT саноатда етакчи ролни ўйнаётган смартфоннинг илк модели сотувга чиққан эди. Ҳозир ундан миллионлаб инсонлар фойдаланмоқда, бироқ унинг яратувчиси Стив Жобс ҳақида кўплаб маълумотларни ўқиб билган бўлсак-да, iPhone яратилиш жараёни ҳақидаги маълумотлар кўпинча эътибордан четда қолиб кетган.

Бу ҳолни тузатиш учун америкалик журналист ва Motherboard нашри муҳаррири Брайан Мерчанд «Бир қурилма: iPhone’нинг махфий тарихи» китобини чоп этди. Китобда смартфонни яратишнинг номаълум тафсилотлари очиб берилган, шунингдек, унинг яратилиши устида даҳо Стив Жобс эмас, юзлаб иқтидорли мутахассилар тургани очиб берилган. The Verge нашри китобдан катта парча эълон қилди.

iPhone’дан олдинги қурилмалар ҳақида

Стив Жобсни мультитачли қурилма яратишга Microsoft ходимига нисбатан нафрат ундаган.

iPhone устида иш борилишидан ҳам аввалроқ Жобс стилус (ручка) эмас, бармоқ билан бошқарилувчи сенсорли қурилма яратишни ваъда қилаётган эди. Бунга сабаб қуйидагича эди: Apple асосчиси рафиқасининг дугонасига уйланган Microsoft’нинг бир ходимини жуда ёмон кўрар эди. Жуфтлик тез-тез кўришиб турар, бу эса iPhone яратувчисининг ғашига тегарди. Ана шундай дам олиш кунларининг бирида Microsoft ходими компания планшетли компьютерлар ишлаб чиқаришга қарор қилганини айтади. Душанба куни Жобс Apple офисига қовоқлари осилган ҳолда келади ва рақобатчисини доғда қолдириш ҳақида ўйлай бошлайди.

Жобс мультитачни Apple’дагилар ўйлаб топган, дея даъво қиларди. Бироқ бу нотўғри.

Аслида бу технология устида 1960 йилдан 1970 йилгача бир неча компания иш олиб борган. Apple’дагиларнинг қўлига келиб тушган мультитач версияси ҳам иқтидорли муҳандис Уэйн Вестерман туфайли яратилган. У мушаклар жароҳати туфайли мобил клавиатурадан фойдалана олмасди.

2005 йилда Apple Вестерманнинг компаниясини сотиб олади, ихтирочининг сайъ-ҳаракати гаджет яратиш йўлида меҳнат қилган инженерларнинг умумий меҳнати қаърига сингиб кетади. У ҳамон Apple’да ишламоқда, бироқ китоб муаллифига компаниянинг ҳозирги барча ходимлари сингари, у билан ҳам суҳбатлашишни тақиқлаб қўйишган.

iPhone’ни ишлаб чиқиш 2004 йилда бошланган, бироқ Apple телефони ғояси компанияда бундан-да аввалроқ машҳур эди.

Ҳаммаси iPod’дан бошланган. Nest компанияси ҳаммуассиси, ҳар икки қурилмани ишлаб чиқишда иштирок этган Тони Фаделлнинг сўзларига кўра, усиз iPhone ҳам бўлмас эди. iPod муваффақиятининг ўзи ҳам Фаделл ва Жобснинг икки йиллик даҳанаки жанги маҳсули бўлган. 2001 йилда бозорларда пайдо бўлгач, қурилма инқилобий самара келтириб чиқармаган, чунки iTunes фақат Mac’да ишларди.

«Сен iTunes’ни шахсий компьютерлар учун фақат мен ўлгандан кейин чиқарасан», — деган Жобс Фаделлга, унинг iTunes’ни Windows учун ҳам ишлаб чиқариш кераклиги ҳақидаги таклифига жавобан.

Бироқ, орадан икки йил ўтиб, Apple асосчиси ўз фикрини ўзгартирган. Ўшандагина iPod IT-дунёни эгаллай бошлайди, ундан миллионлаб инсонлар фойдалана бошлайди — бу эса ўша пайтда Mac компьютерига эга бўлганлар сонидан каррасига кўпроқ эди. Шундан сўнг компания офисини энтузиазм эгаллаб олади — инженерлар камера, машина ёки телефон ясашни таклиф қилишади. Сўнгги ғояда шуҳратпарастлик кўзга ташланмоқда эди: iPhone устида иш бошланишидан аввал Apple’даги барча — Жобсдан тортиб оддий стажёрларгача ўша вақтдаги телефонларни чиқинди, деб аташарди. Ва улар бу нуқсонни тўғрилашга тайёр эдилар.

Motorola билан ҳамкорлик ҳақида

Motorola билан ҳамкорлик iPhone’нинг бўлажак жамоаси учун жуда оғир лекин фойдали тажриба бўлди.

2004 йилда Жобс Motorola раҳбари Эд Зандерга ҳамкорлик таклиф этади, ўша йилнинг ёзида компания ROKR телефонини анонс қилади, унинг асосий хусусияти — iTunes’ни қўллаши эди. Apple раҳбари ROKR лойиҳаси таназзулга учрашини сезиб турарди. Телефоннинг камчиликлари устидан ҳаттоки компаниянинг ўз ходимлари ҳам масхара қилишарди: уни компьютер билан синхронлашиш тизими ноқулай эди, 512 мегабайтли хотира картасига фақат 100 тагина қўшиқ сиғарди.

Буни асло инқилоб, деб бўлмасди бироқ, Motorola томонидан йўл қўйилган камчиликлар Apple нимани мўлжаллаётганини кўрсатиб берди. Жобс телефонни харид қилганларнинг тезда умиди синиб, лекин iTunes’га қизиқиб қолишларини мўлжаллаганди (ROKR iTunes’ни қўлловчи илк телефон эди). Apple’нинг бу хизмати эса уларни iPod харид қилишга ҳам рағбатлантириши зарур эди.

Ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Жобс ўз телефонини яратишда маъни кўрмаётганди

ROKRнинг яратилишини кузатар экан, Жобс мобил телефонлар саноатига баттар ишонқирамай қолди. Фақатгина 2004 йилга келиб, MP3 плейерлар билан жиҳозланган телефонлар бозордан iPod’ни батамом супуриб ташлай бошлаганида, Жобс истамайгина синаб кўришга розилик берди. Орадан тўрт куни ўтиб iPhone устида иш бошланди. 2005 йилда ROKRни анонс этишга фурсат етганда Жобс тишини тишига босиб ғазабини сўндирган. У Motorola телефонларининг камчиликларини қандай қилиб қисман бўлса-да, оқлаб беришни билмасди. Тақдимотдан сўнг у саҳнани жуда абгор ҳолатда тарк этиб, iPhone ишлаб чиқишга бекорга розилик бермаганини тушуниб етади.

Махсус танлов ва ишлаш шароитлари

iPhone устида иш олиб бориш Apple ходимларининг аксариятидан сир тутилган.

2004 йил охирида, иш энди бошланганда компания ишчилари ҳамкасбларидан баъзилари бирин-кетин иш ўрнидан йўқолиб қолаётганини сезишади. Улар офисга келишни бас қилишган, ҳеч ким улар қаёққа ғойиб бўлганини тушунтириб беролмасди. Фақатгина ички мишмишлардан, Жобс махфий лойиҳага ходимлар ёллаётганини англаб етишади.

iPhone лабораторияси учун бутун бир қаватни ажратишади: коридорлар камералар билан жиҳозланади, эшиклар фақат махсус рухсатномалар билан очилади. Инженерлар лабораторияни деярли тарк этишмасди: улар шу ерда овқатланар, чўмилар, тунар, байрамларни нишонлашар ва барчаси битта жойда ишлар эди.

Жамоага фақат энг яхши ходимлар жалб қилинган.

«Йўқолиб қолганлар»дан нима иш билан машғулликларини сўрашганда, улар жавоб қайтаришдан бўйин товлашарди — махфий ахборотнинг ошкор бўлиш хавфи жуда катта эди. Ишлаб чиқаришга ходимларни компанияга содиқлик ёки алоқалари туфайли эмас, тажрибаси ва иқтидорига қараб таклиф қилишган. Ўша вақтдаги «юлдуз» инженер Андре Бул билан ҳам шундай бўлган. У компанияда иш бошлаганига бир неча ой бўлганига қарамасдан, махфий лойиҳага таклиф этилганлардан бўлган.

iPhone жамоаси ўта оғир шароитларда деярли уч йил тер тўкишган.

Ходимлар мудом керагидан ортиқ ишлашга, уйқуга тўймасликка мубтало бўлишган. Бўлим бошлиқлари, Жобснинг ўзи ҳам қатъий дедлайнлар ўрнатишар, бу эса ишчиларнинг бутун бўш вақтларини олиб қўярди. Айримлар учун iPhone оиласининг барбод бўлишига сабаб бўлган. «Компания келажаги шу лойиҳага боғлиқ», — дейишарди раҳбарлар, шундоқ ҳам ишга кўмилиб ётган ходимларнинг зиммасига руҳий босим ҳам юклаб.

Ҳар бир махфий лойиҳа сингари, iPhone’нинг ҳам яширин номи бор эди.

Жамоа аъзолари уни Purple («бинафшаранг») деб аташарди. Ҳозир нега ундай аталганини деярли ҳеч ким эслай олмайди. Афтидан, инженерлардан бирининг ўйинчоқ кенгурусининг туси шунақа бўлган. Бўлим эса бошқачароқ ном билан аталган. Лабораторияга кириш эшикларида Чак Паланикнинг «Жангарилар клуби» китобига ҳавола берувчи лавҳалар осилганди. Ишлаб чиқарувчилар жангарилар клубининг биринчи қоидаси — жангарилар клуби ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслик эканлигига ишора қилишмоқчи бўлган, бу қоида iPhone инженерларининг ҳар бирига ҳам тааллуқли эди.

Бир қурилманинг икки намунаси

Жобсда янги iPhone’нинг икки ғояси бор эди.

Биринчиси iPod дизайнини телефонга мослаштириб қайта йиғиш, уни турли модификациялар ва оддий операцион тизим билан таъминлаш эди. Иккинчиси — Mac операцион тизимини сенсорли мўъжаз планшетга мослаштириб, унга қўнғироқ қилиш имкониятини ҳам жо қилишдан иборат эди. Икки вариантни ишлаб чиқиш учун икки раҳбар тайинланган ва улар iPod ва OS X деб номланган бўлимларда ишлашарди. OS X —смартфоннинг операцион тизими устида иш олиб борарди.

iPhone’нинг муқобил намунаси

iPod бўлимининг биринчи қурилмаси муваффақиятсизликка учради.

Қурилма функцияларига Wi-Fi қўшилди, ҳарф ва рақам териш учун аллақандай «клик-чамбарак» ўйлаб топишди, фойдаланувчи уни айлантириш билан саҳифаларни варақлар, ҳаволаларни босарди. Бу iPod’дан илк марта интернетга кириб кўрган Жобс «Мутлақо ярамас нарса-ку бу», деган. Лойиҳага шу заҳотиёқ нуқта қўйишган.

iPhone’нинг асосий ёрлиқлари ва виджетлари дизайни бир кечада ўйлаб топилган.

iPod-бўлим берилган вазифани бажариб, синашга киришганида, OS X бўлимида Жобс томонидан белгиланган ўнлаб қатъий дедлайнлардан бири келиб тушди. Айни пайтлар кўзларимиз кўникиб кетган митти ёрлиқчалар бир кеча мижжа қоқмай қилинган меҳнат самараси эканлигини ҳамма ҳам билмаса керак. Телефон вақтни қандай кўрсатиши керак, iTunes ёрлиғи ранги қанақа бўлиши лозим, фойдаланувчи об-ҳаво виджетига бир назар ташлаш билан кўчада ёмғир ёғаётганини қандай англаши керак... Бу вазифалар бир неча бор қайта ишланган, бироқ асосий макетларни инженерлар бир кечада ясаб ташлашган.

Жобс бошида iPhone пенелида «орқага» тугмасини ҳам жойлаштирмоқчи бўлган, бироқ зўрға уни кўндиришган. Умуман, аввал бошида телефон бирорта тугмага эга бўмаслиги назарда тутилаётганди.

Apple офисининг қаеридадир қўнғироқ ва радио функциясига эга ўнлаб iPod чанг босиб ётибди.

iPod бўлими бу ишланма билан узоқ вақт шуғулланади. Плейер режимида қўнғироқ функцияли iPod дизайни деярли ўзгармайди, бироқ у қўнғироқ режимига ўтказилганда зарғалдоқ нур билан ёришади, унинг экранида 0 дан 9 гача рақамлар бўлган чамбарак ҳосил бўлади.

Инженерлар юзга яқин модел йиғишади — кейинчалик маълум бўладики, бу усулда рақам териш мутлақо ноқулай. Жобс бирор йўлини топишни талаб қиларди, компания ҳаттоки қурилма учун патент олади, бироқ жамоа навбатдаги марта ожиз қолганда, Жобс ҳам қўл силтайди.

Қўнғироқ функцияли iPod намунаси

Ишлаб чиқувчилар iPhone қайси тизимда ишлаши кераклиги борасида узоқ тортишишади.

Бу баҳс бутун лойиҳа учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Агар смартфоннинг дизайни қарама-қаршиликлар умуман бўлмаган эса-да, операцион тизим барча инженерларни ташвишга солаётганди. iPod бўлими ишлаб чиқувчилар орасида жуда машҳур open-source тизим — Linux’дан фойдаланишни таклиф этишади. Бошқа жамоа OS X (ҳозиги Мac) нинг шаклини сал ўзгартириб, уни тачскринли телефонга жо қилишни таклиф этади.

Қўпол қилиб айтганда, иккита лагер пайдо бўлади: iPhone’ни қўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлган iPod намунаси деб билувчи Linux тарафдорлари ва Apple операцион тизими салоҳиятини мўъжаз қурилмага сиғдиришни истаётган OS X тарафдорлари. iPhone’ни Linux’да синаб кўришганда жараён open-source тизим томон силжигандек кўринди — телефон дарҳол ишга тушган эди-да! OS X тезлик борасида ундан қолаётганди.

Бироқ OS Xда Жобсни завқлантирган жуда муҳим устунлиги бор эди — тачскин. У жуда чиройли ишлар, фойдаланувчининг экран сиртидаги бармоқ ҳаракатларига дарҳол жавоб берарди. iPod бўлими вариантида ҳам таскрин назарда тутилаётган эди, бироқ уни функциявийлиги минимум даражага туширилганди.

Ана шу лаҳзадан аниқ бўлдики, iPhone бундан буён OS X тизимида ишлайди.