Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан тегишли қоидаларга риоя қилинмаган ҳолда жўнатилган почта жўнатмалари тўхтатиб қолинди. 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Хитойдан фуқаро М.Турғунова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига юборилган почта жўнатмасида миқдори аниқ қайд қилинмаган оддий тақинчоқлар кўрсатилган бўлса-да, божхона кўриги давомида қонунбузарлик ҳолати фош қилинди. 

Жўнатмадаги салкам 5 килограмм 300 грамм оғирликдаги тақинчоқлар аслида оддий эмас, балки кумушдан тайёрлангани аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, 8 турдаги 1 минг 800 дан ортиқ кумушдан ишланган ушбу тақинчоқларнинг умумий қиймати салкам 82 миллион сўмни ташкил қилади. 

Мазкур ҳолат бўйича айбдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасига мувофиқ жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди. 

Туркиядан фуқаро З.Аҳроров номига юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда божхона декларациясида кўрсатилмаган 11 турдаги 7 минг 700 дона дори воситаси борлиги аниқланди. Қиймати 54 миллион сўмлик ушбу дори воситаларининг орасида Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга рухсат этилган дори воситаларининг давлат реестрига киритилмаганлари ҳам бўлган. 

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан қонунбузилиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.