Якинда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Фарғона вилоятининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган Сўх тумани Шарқобод қишлоғида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Х.Шариповнинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хонадон эгаси, ўз ҳовлисида гуёки номаълум шахс қолдирган, дея таъкидлаган “Мерседес Бенц” русумли юк автомашинаси юкхонасида қўшни давлатга олиб чиқиш учун мўлжалланган, Ўзбекистонда етиштирилган 70 қоп гуруч борлиги аниқланди. 3400 кг. оғирликдаги ушбу маҳсулотнинг умумий қиймати 11,5 млн. сўмдан ортар экан.

Ушбу холат юзасидан Фарғона туман суди қарорига биноан ашёвий далил сифатида олинган гуруч мусодара этилди, айбланувчига нисбатан энг кам иш хақининг 5 баравари миқдорида жарима тайинланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари томонидан хафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказиб келинаётган профилактика кунлари доирасида маҳалла фаоллари иштирокида ўртоқлик суди ташкил қилиниб, ушбу шахснинг қилмиши маҳалла фуқаролари олдида муҳокама қилинди.

Шунингдек, ушбу ҳудудда қўшни давлатга йўл олган Қирғизистон Республикаси фуқароси М.Усанов бошкарувидаги Мерседенц Бенц юк автотранспорти божхона кўригидан ўтказилганда, машинанинг юкхонасига хуфёна тарзда 34 та қопда қиймати салкам 6млн. сўмлик 1461 кг гуруч яширилганлиги аниқланди. Ҳозирда Ушбу холат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона вилояти божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 63 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.