Бугун, 27 июнь куни Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бир гуруҳ журналистлар Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тақдирланишди. Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева ОАВ ходимлари билан юзма-юз мулоқот олиб бориб, уларни касб байрами билан самимий қутлади. 

“Ҳозирги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, инсон  манфаатлари йўлидаги янгиланишлар кўзгусига, кенг халқ оммасини янгича фикрлашга, маънавий уйғоқликка, шу юрт тақдири, унинг порлоқ келажаги учун дахлдорликка, онгу тафаккуримизни ўзгартиришга даъват этадиган қудратли кучга айланиб бормоқда. 

Журналистик маҳорат билан чуқур ёритиш орқали халқимизни сафарбарликка, камарбасталикка чорлаш, унинг руҳини кўтариш, давлатга ва унинг раҳбарига ишончини мустаҳкамлаш  йўлидаги  ўта масъулиятли, аммо шарафли ишларингиз ҳар қанча эътирофга муносиб. 

Сизга мамлакатимизда хотин-қизлар томонидан амалга оширилаётган эзгу ишларни, уларнинг меҳнатини, жамият ҳаётидаги муносиб ўрнини, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги фидойилигини ёритишдаги хизматларингиз учун алоҳида ташаккур изҳор этаман. 

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, сиз - журналистларнинг қаламингиз ўткир, ҳар бир жараённи кучли тафаккур призмасидан ўтказиб, объектив таҳлилий хулосалар беришга қодир бўлиши, энг муҳими, одил ва холис ёндашув ҳаётий мезонингизга айланган бўлиши керак”, - дея таъкидлади Бош вазир ўринбосари. 

Тадбир давомида қўмита раиси Кун.uz таҳририяти ходимларини ҳам соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси учун ташаккурнома билан тақдирлади.   

Шунингдек, бугун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида ҳам ОАВ вакилларини тақдирлаш учун тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов Ўзбекистонда таълим соҳасини ёритишда тинимсиз меҳнат қилаётган журналистларга ўз миннатдорчилигини билдириб, уларни касб байрамлари билан самимий қутлади. 

Энг фаол ОАВ орасида Кун.uz жамоаси ҳам тезкор ва қизиқарли янгиликларни кенг оммага етказиб бераётгани учун Халқ таълими вазирлигининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.