ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмларидан бирининг ҳарбий хизматчиси фирибгарликда айбланди

Жамият 27 Июнь 2017 9254

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Жаҳонгир Дўсматов ўзининг оилавий бюджетини фирибгарлик йўли билан тўлдиришга қарор қилди. Сабаби, жамоада шартнома асосида хизматни давом эттиришни истаган муддатли ҳарбий хизматчилар талайгина эди. Уларга “Орзуингга етишингга мен кўмаклашаман” деб, “ҳожатбарор”лиги учун пул олмоқчи бўлди, деб ёзади “Постда” газетаси.

У ёғини суриштирсангиз, бир пайтлар ўзи ҳам ана шу аскарларга ўхшаб профессионал ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қиларди. Боиси қатъий тартиб-интизом унга ёқарди. Жанговар, жисмоний тайёргарлик бўйича ўқув машғулотларига ҳам қизиқарди. Қолаверса, Ватан ҳимоячиларини давлат ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини ҳам яхши биларди. Хуллас, армия сафида йигитлик бурчини ўтаган даврда ўзини фақат ижобий томондан кўрсата олди. Шунинг учун 2011 йилда у билан шартнома тузилди.

Жаҳонгир ИИВ Қоровул қўшинларининг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида хизмат қила бошлади. Дастлаб қўмондонликнинг ишончини оқлаш учун роса ҳаракат қилди. Шу сабабдан қисқа вақт ичида секция командири этиб тайинланди. Шундан сўнг боқибеғамликка берилди. Бора-бора олаётган маоши камдек туюла бошлади. Натижада, ҳикоянинг бошида айтилганидек, фирибгарлик йўли билан қўшимча пул топишни хаёл қилди.

Режасини амалга ошириш учун ўзининг ҳарбий қисм қўмондонлиги билан “алоқаси яхши”лиги ҳақида гап-сўзлар тарқатди. Шундан сўнг илтимос қилувчиларнинг кети узилмаса керак, деб ўйлаган эди. Аммо кутганидек бўлиб чиқмади. Айримлар “хизмат ҳақи” юқорилигидан норози бўлишди. Баъзилари эса “Таклифнинг” жиноят эканлигини билиб чўчишди. Оқибатда бор-йўғи икки нафар аскар унга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Жўрабек Ҳожиев дастлаб шартнома асосида қолдиришларини сўраб қўмондонликка билдирги ёзди. Аммо имтиҳондан ўта олмади. Шундан сўнг кичик сержант Ж.Дўсматов ҳақидаги миш-мишларни эслади. Жаҳонгир “мижоз”нинг илтимосини рад этмади. Фақат хизмат ҳақига тўрт минг АҚШ доллари сўради. Жўрабек мушук ҳам текинга офтобга чиқмаслигини биларди. Аммо воситачи бунча кўп пул сўрайди, деб ўйламаган эди. У “Отамдан бунча кўп пул сўрай олмайман”, деб тўғрисини айтиб қўя қолди. Шунда Дўсматов “ҳотамтойлик” қилиб икки юз долларидан воз кечди.

-  Фақат ярмини олдиндан берасан, - деди.

Харажатни озгина бўлса ҳам камайтирганидан хурсанд бўлган Ҳожиев отасига қўнғироқ қилгани ошиқди. 

Дўсматов иккинчи “мижоз” – оддий аскар И.Алиқуловдан “бор-йўғи” уч минг АҚШ доллари сўради. Унга ҳам хизмат ҳақининг ярмини олдиндан беришни шарт қилиб қўйди. Алиқулов бу шартни бажарди. Сўнг ҳужжатларини топшириб, имтиҳон кунини хотиржамлик билан кута бошлади. Аммо биринчи имтиҳонданоқ "йиқилди". Диктантдан унга қўйилган паст баҳо асабини қўзитиб юборди. “Пулимнимас, билимимни, саводхонлигимни ҳисобга олишадиган бўлса, унда нега хизмат ҳақи бердим?!” – деди асабийлашиб.

Ж.Дўсматов имтиҳон натижалари қайта кўриб чиқилишини айтиб, уни тинчлантиришга уринди. Аммо фойдаси бўлмади. И.Алиқулов ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони номига ариза ёзди. Аризасида кимга нима учун, қанча пул берганини, кичик сержант Жаҳонгир Дўсматов қандай ваъда қилганини, ўзини оқлаш учун нима деганини, хуллас, ҳамма-ҳаммасини оқизмай-томизмай баён этди. Сири ошкор бўлгач, кичик сержант ҳамма айбига иқрор бўлиб, И.Алиқуловга пулини қайтариш лозимлигини англаб етди.

Тошкент ҳарбий округи ҳарбий суди кичик сержант Ж.Дўсматовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топди. Унга энг кам ойлик иш ҳақининг 130 баравари миқдорида жарима солинди.

Фирибгарга 3800 АҚШ доллари миқдорида “хизмат ҳақи” тўлаган Жўрабек Ҳожиев ҳам қилмишига яраша жазога тортилди. У пора берганликда айбдор, деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 80 баравари миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилди. Фақат амнистия актигина жонига оро кирди.  

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 50944 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 66874 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 35682 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 20466 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 77680 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 60957 Жамият
Эрон ва Саудия Арабистони ўзаро дипломатик ташрифлар амалга оширишади
21:05 0 Жаҳон
Германия олтин захирасининг катта қисмини қайтариб олди
21:01 73 Жаҳон
Ўзбекистонда энергия тежовчи миллий компания тузилди
Таиландга қизларни юбориш билан шуғулланган самарқандлик “одамфуруш” аёл ушланди 
20:55 312 Жамият
Кўпроқ янгиликлар