Нефть ўғриси ушланди

Жамият 27 Июнь 2017 10059

Яқинда Андижон вилояти божхона бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда нефть маҳсулотларининг талон-тарож этилиши бартараф этилди, деб хабар бермоқда Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Асака шаҳрида ярим тунда ҳаракатланаётган фуқаро У.Умаралиев бошқарувидаги “Камаз” юк машинаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина юкхонасига уддабуронлик билан яширин цистерна ўрнатилгани аниқланди.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ушбу цистернада фуқаро И.Исмановга тегишли қиймати салкам 20 млн. сўмлик 7894 литр нефть маҳсулотлари тегишли ҳужжатларсиз ноқонуний равишда олиб кетилаётган экан.

Хўш, бу нефть маҳсулотлари қаердан ўғирланди? Элу юрт манфаати учун кўзланган бу бойликни ўмаришда қонунбузар кимсаларга шерик тутинганлар кимлар?

Бу саволларнинг барчасига энди божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давомида аниқлик киритилади. Айбдор кимсалар қонун олдида жавоб беради.

Кўпроқ янгиликлар