«Реал» Мадрид ва Испания терма жамоасининг афсонавий футболчиси Рауль Гонсалес бугун ўзининг 40 ёшини қарши олди.

«Реал» Мадрид сафида 550 та ўйинга тушиб, 228 та гол урган бу футболчи унинг тарихидаги энг залворли футболчилардан бири бўлиб қолиши аниқ. «Реал» кейинги йилларда жамоа учун меҳнати синган юлдузларни муносиб кузатмаётгани таассуфли ҳол. Жамоа мухлисларига ҳам раҳбариятнинг бундай хатти-ҳаракатлари ёқмаётгани бор гап. Рауль, Касильяс, ана энди Криштиану ҳам бошига иш тушганда «Реал»дан мадад ололмаяпти...

Нима бўлганда ҳам, «бланкос» мухлислари «Раул»ни ўзгача меҳр билан эслашади.

Келинг, 2009 йилда Хайрулла Ҳамидов томонидан ўзининг бу севимли футболчисига атаб ёзилган «Рауль Мадрид» мақоласини архивдан чиқариб, яна бир карра мутоала қилайлик. Зеро, бу юлдузнинг шарафига битилган ҳар қандай сатр абадул-абад ўз қийматини йўқотмайди.

* * *

Бугун кўпчилик порлаётган юлдузлардан бири ҳақида ҳикоя қилинса, унинг ҳаракатлари ҳақида таҳлил қилинса ва бирор бир янгилик сўзлаб берилса, деган фикрда тургандир. Биз бу сафар бошқача йўл танладик. Барчага маълуму машҳур ўйинчини танладик. Унинг номи янграганида дарҳол ҳамма жим бўладиган ва ўйинлари билан барчанинг меҳрини қозонган юлдуз ҳақида ўзимизнинг қарашларимизни баён этишни истадик. Бу мақола бирор бир манбага асосланмай, мухлис кўзи билан ёзилган. Оддий мухлис, аммо ушбу футболчини ҳамма ўйинчилардан кўра яхши кўрадиган мухлис кўзи билан. Шунинг учун бу мақолани ўқиётганингизда ундан уфуриб турган меҳрий сўзларни ҳис қиласиз, деган умиддамиз. Ҳали мақоланинг авжига чиқмасингизданоқ умид қиламанки, охиригача кўзингиз ёшланажак. Этингиз жимирлаяжак ва сиз ҳам унинг ўйинларини яна кўришга ошиқасиз.

Мақолани таъсирли таъминлаш учун ушбу футболчини футбол деб аталмиш жозиб ўйинга дахлдор сифатларга боғлаб ёзаман. Турли туман фикр эгаларининг ракурси бўйича кузатаман. Шунда нима демоқчи бўлганимни тўлиқроқ тушунтириб берган бўламан.

 

Футболда натижа муҳимдир...

Келинг, мана шу фалсафани тиш-тирноғигача ҳимоя қиладиганлар кўзи билан Рауль Гонсалес Бланко фаолиятига назар ташлайлик.

1977 йилнинг 27 июнь куни туғилган испан ўғлони ҳужумчи зоти ҳавас қилиши мумкин бўлган деярли ҳамма натижани қайд этиб улгурган. Туғилганидан бери ҳужумчилар ортида ўйнашга ихтисослашган бу йигит кўп ҳолларда бўш қолган дарвозани ишғол этади ёки дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетади. Бу баъзиларда Раулга нисбатан «тайёрга айёр» иборасининг қўлланилишига ҳам сабабдир. Аммо футболнинг нозик жиҳатларини тушунадиган кишилар билишадики, керакли пайтда керакли нуқтада пайдо бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Айниқса, соф марказий ҳужумчи бўлмаганларга. Раулнинг саксон фоиз голи рақиб жарима майдончаси ичида амалга ошган. Шундан билса бўладики, бу ҳужумчи гол уриш учун туғилган. Испаниялик ҳамкасбларимиз унинг чап оёғида кўз бор, деб ҳам таърифлашади.

Испания терма жамоаси таркибида 100дан зиёд ўйинда майдонга тушган Рауль гарчи бугунги кунда ўз рақамини ва ўрнини Вильяга бериб қўйган бўлса-да, Вильянинг тушига ҳам кирмайдиган натижани қайд этиб бўлган. Яъни, голлари сони рекорд натижа қайд этишга етарлидир. Испания терма жамоаси либосини кийиб майдонга тушадиган исталган йигит борки, Раулни тенги йўқ устоз сифатида кўради.

 

Футбол катта меҳнат талаб этади...

Ҳа, футбол жуда катта меҳнат талаб этади. Лекин баъзиларнинг наздида меҳнат қобилиятдан муҳимроқ экан. Ана шу фикр эгаларининг кўзи билан қараганимизда ҳам Раулга омад боққанини кўрамиз. Испаниялик голеадор жуда камбағал оилада туғилган. Отаси электр устаси бўлган. Уч нафар болани боқишга унинг шароити етарли бўлмаган. Табиийки, бундай оилада спорт юлдузининг етишиши бироз мушкулроқ. Рауль озғин ва нимжон бола бўлиб ўсди.

Унинг келажакда машҳур футболчи бўлишига отасининг футболга ошнолиги хизмат қилди, десак тўғри бўларди. Аксига олиб, Раулнинг отаси Мадрид шаҳрининг иккинчи жамоаси бўлмиш «Атлетико» клубига ишқибоз эди. Шу боис ўғлини ўша жамоага берганди. Аммо тақдир Раулга «Атлетико»нинг ашаддий рақиби «Реал»ни насиб кўрди. Отасининг раъйига терс юрган бўлса-да, ҳужумчи бугун тўғри йўл танлаганини ҳис қилса керак? Чунки Рауль деганда бугун ҳамманинг кўз ўнгига оппоқ либос келади. Ва голдан кейинги ўнг қўлининг исмсиз бармоғини ўпиб югуриб кетаётган ажойиб ҳужумчи тасвирланади.

Рауль жуда катта меҳнат эгаси. У ўз устида ишлаганини кўрганлар: бу бола эртага машғулотга кела олмаса керак, ҳаттоинки бугун уйига етиб боролмаса кераг-ов, дейишарди. Аммо Рауль уйига етиб борарди, эртасига машғулотга ҳеч нарса билмагандек келаверарди. Устида қаттиқ ишлагани ўз самарасини берди – вазнининг енгиллиги ва нимжонлигига қарамасдан яккакурашларда рақибларидан тўпни олиб қўйишга ҳамда рақиб дарвозасига тўпни аниқ йўллашда бардавом бўлди. Шунинг учун ҳам, бугунги замонавий футбол ўлчами бўйича Рауль бироз нимжонроқ кўринса-да, гол урмаган машҳур дарвозабони қолмади ҳисоби.

Оливер Каннинг биргина таърифи билан чекланамиз: «Мен «Реал» билан кечган ҳар ўйиндан олдин битта нарсага ҳайрон қоламан. Рауль гол ургунча кўринмайдию, худди майдонга ўша пайтда тушиб олгандек битта зарбаси билан тинчитиб қўя қолади. Пеле билан ўйнамаганману, бироқ, уни тасаввур қилишим учун Рауль жуда қулай восита!»

Пелега ўхшатишяптими?

 

Футбол ҳақиқий қобилиятлилар ўйини...

Ҳа, Пелега ўхшатишяпти. Энди футболга ҳам, санъатга ҳам, ҳаётга ҳам қобилиятни устун қўйиш орқали, ўша кўзойнак орқали қарайдиганлар тафаккурига бўйсуниб кўриб таҳлил қиламиз. Ажабо, бу борада яхшироқ натижаларни қўлга киритамиз.

Рауль Гонсалес ўз устида жуда кўп ишлаган. Бу тўғри. Бироқ агар инсон танасида қобилият аталмиш неъматдан асар бўлмаса, Ўткир Ҳошимов айтганидек, чумолидан ёзувчи чиқариб бўлмайди. Меҳнат ўша чиқишни истамаётган қобилиятни юзага чиқаришдир. Рауль дунё юлдузлари ичида тўпни тўхтатишда энг кам хато қиладиган ўйинчилардан бири. Бу масалада ўзимизнинг хулосамизга таянмаймиз-да, машҳур футбол сиймоси Йоҳан Круиффнинг фикрини келтириб ўтамиз: «Европа футболи Рауль ва Зидансиз қолган куни роботлар ўйинига айланади-қолади. Яхшиям шу йигитлар бор экан. Зиданнинг тўп билан айланишини кўриб, овқатланиб турганимда-да бақириб юбораман. Рауль тўпни чизиқ олдида тўхтатганида жим бўлиб қоламан. Буни футболда бошқа такрорлай олмаслар».

Ҳайрон бўлаётгандирсиз, Раулнинг бундай даҳоёна ҳаракатлари йўқ эдику, деб. Агар кўнглингиздан шундоқ фикр ўтган бўлса, демак, сиз Раулни Ибраҳимовични кузатгандек кузатмагансиз. Мен эса Раулнинг айнан шу жиҳати — тўпни қабул қилиб олаётгандаги ҳолати туфайли яхши кўраман. Дель Боске «Реал» юлдузлар фабрикасига айланиб кетганида бир журналистнинг «Раулнинг иши Бекҳэм, Фигу, Зидан ва Роналдолар даврасида унчалик кўринмайди, нима учун асосий таркибда тушаверади?» деган саволига чиройли жавоб берганди: «Чунки у кўринадиган бўлса, ҳаммаси тамом бўлади. Рауль юқоридаги ҳамма юлдуздан фарқли равишда тўпни ўз вақтида тўхтатиб, ўз вақтида ундан узиладиган ўйинчидир».

Демак, масалага ойдинлик киритилди. Раулнинг «Реал»даги беқиёс ўрни ҳам шунда. Дақиқ нигоҳ ташлайдиган бўлсангиз, испаниялик голеадор тўпни қабул қилиб олаётгандаёқ ҳужумнинг давомини ечиб бўлган бўлади. 2000 йилги ЕЧЛ финалидан сўнг «Валенсия» дарвозабони Канисарес чиқа солиб бир гап айтгани ҳамон ёдимда: «Тўғрисини айтсам, тўп билан кетаётган ўнта Гутидан тўпсиз кетаётган битта Рауль қўрқинчлироқдир»Нега, дейсизми? Чунки у тўпсиз ҳам кўп ишни амалга ошира оладиган истеъдод эгаларидан бири. Сабабини излаб кўрамизми?

 

Футболда гўзаллик энг муҳими!

Сабаби оддий – у гўзаллик шайдоси. Испанларнинг мумтоз санъатини ётволиб эшитадиганлар тоифасидан. Испания юлдузлари ичида энг кўп китоб ўқигувчи. Ҳатто бир интервьюсида Фернандо Торреснинг қобилияти ҳақида сўралганида шундай деганди: «Фернандонинг баъзи вазиятларда беҳис ўйнашига китобни хуш кўрмаслиги сабаб бўлса керак!».

Ҳа, биз – журналистлар нуқул терма жамоамиз вакилларига газета ўқишни, кўпгина китоблар мутолаа қилишни тавсия қилишимизнинг асосий сабаби шу. Эрик Кантона урушқоқ ва жанжалкаш инсонлиги билан машҳур бўлса-да, футболдан ташқарида инсоншунослиги билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам МЮ мураббийлари унга энг оғир вазиятларда сардорлик боғичини тақдим этишган. Кўринишидан мантиқсиз иш, бироқ Кантона ўша мавсум биронта сариқ карточка олмаган. Хуллас, биз демоқчимизки, футболдаги ҳаракатлар майдондан ташқаридаги ҳолатларга ҳам боғлиқ.

Рауль Гонсалеснинг ҳаракатларидаги жозибадорлик ва тўпни оёқ учида қабул қилиб олишлари инглизларнинг ур-теп ўйинини кўрганингиздан кейин сариёғдек ёқиб тушади.

1998 йилги Чемпионлар Лигаси финалини роҳатланиб кузатгандим. Қироллик клуби ғолиб бўлганди. Кейин эса Японияда «Тойота» кубоги ўтказилди. Унда мадридликлар «Васко да Гама» билан тўп суришди. Ўша куни Рауль фаолиятидаги энг гўзал голларидан бирини йўллади. Испания терма жамоасида 2008 йилги ўйинларгача тактик йўналиш, деб баҳоланадиган узун пас Йерро томонидан амалга оширилади. Рауль чап оёғи билан тўпни озгина қочириб юборади. Биринчи кўринишда бу хатога ўхшайди. Аслида эса ҳужумчининг айёрона ҳаракатлари эди. Дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқай деса, ҳимоячи жуда яқин келиб қолган. Бу пайтда тўпни чапроққа олиб қочиш лозим. Кейин ҳимоячи тўпга ташланишдан бошқа чора тополмайди. Кейин эса ўнг томонга алдайди. Ўнг томонга алдаши биланоқ бошқа ҳимоячи етиб келади. Табиийки, у ҳам жон ҳолатда тўпга ташланади. Чунки Раулнинг чап оёғи билан зарба йўллашини билади. Бироқ, испаниялик иқтидор эгаси уни ҳам ўтказиб юбориб, тўпни ўнгга олиб кетади. Натижада, бир ҳаракатнинг ўзида икки ҳимоячи ва дарвозабон жарима майдончаси ичида арифметик ҳаракатларга алданишади. Рауль эса асосан юриш учун яралган ўнг оёғи билан бўш қолган дарвозага тўпни йўллайди. Бу гол такрорий лавҳада намойиш этилгач, ўйинни шарҳлаб бораётган Виктор Гусев шундай деганди: «Да, это Рауль! Такие голы свои времена забивали футболисты как...Пеле! Боже мой!»

Кейинчалик жаҳон футболи маълумотларини ўқишни бошладик. Ўша мутолаамиз даврида бир муҳим маълумотга кўзим тушди: Пеле дунё юлдузлари ичида фақат Раулга ўйин тугаши биланоқ қўнғироқ қилиб қўяр экан. Енгса табриклаб, енгилса кўнглини кўтариш учун. Кейин бу қўнғироқни қабул қилиш Какага насиб этган, дейишади. Қолганлар эса...

Ўша пайтда менинг севимли нашрим ҳисобланган «Советский спорт» ўйинга ёзилган шарҳга ажойиб сарлавҳа билан чиқибди: «Раулмадрид!» Ўша сарлавҳа бугунги мақоламизни ҳам безаб турибди. Қаранг!

 

Футбол о-о-озгина адолатсиз ўйин...

Бухорий ва Раул. Ғалати жуфтлик, нима дедингиз? Лекин ҳозир боғлаб берсак, ажабланмай қўясиз. Юртимиз алломалари ичида Бухорода туғилиб, илм пешвоси бўлган жуда кўп олимлар ўтган. Уларнинг ҳаммаси ўз исм-шарифлари давомига Бухорий деб ёзиб кетишган. Уларнинг номларини ўқиганимизда тўлиқ ўқимасак «қайси Бухорий экан», деган фикр миямиздан ўтади. Аммо Бухорий деган сўзнинг ўзи янграса биргина инсонни ўйлаймиз. Ул машҳур муҳаддис ҳаддан ташқари фарқли бўлганидан, минглаб Бухорийлар улғайган диёрнинг номини бир ўзи тараннум этиб тураверади.

Рауль деган исм ҳам Испанияда оммалашган. Деярли ҳар бир жамоада Рауль фалончилар бор. Уларнинг номларини шарҳлаш керак бўлиб қолса, шарҳловчилар дарҳол Раулдан кейинги шарифини ҳам айтиб кетишади. Чунки фақат Рауль дейиладиган бўлса, ўша биттагина Рауль тасаввур қилинади. Рауль Гонсалес мана шундай ҳолатга ҳаммани мажбур қилган.

Лекин ана шундоқ юлдузга аламли хотима насиб этмоқда. Умрининг асосий қисми ўтган Испания терма жамоаси билан энг қора кунларда бирга бўлди. Ёруғ кунларида эса... Усиз Европа чемпиони бўлишди испанлар. Таркиб у кетганидан кейин ҳақиқий жамоавий ва жанговар таркибга айланди. Рауль ўйнаган пайтдаги етишмайдиган жиҳатлар ҳозирги Испанияда керагидан ошиқча жамланди. Аммо шундай бўлса ҳамки, мен Испаниянинг ажойиб ўйинларини кузата туриб, унинг таркибида Раулни кўра олмаганимдан ачинаман.

Барибир уни соғинавераман. Бутун дунё қарши бўлса ҳам...

Чунки мен битта ҳақиқатни биламан. Рауль Гонсалес Бланко галактикоснинг ғирт душмани бўлган «Барселона» жамоаси фанатлари томонидан ҳам яхши сўзлар билан тилга олинади. Ҳатто фанатлар сайтида «Реал» жамоасининг ҳар бир вакили юзига қора мой суркаб чиқилганда ҳам Раулни ёруғ юз билан қолдиришган ва тагига: «Бу болага келганда нуқул мой тугаб қолади», деб ёзиб қўйишган. Бу болага келганда нафақат қора мой, балки терма жамоага бериладиган медаллар ҳам етмай қолади, шекилли. Роса ҳам ачинарли манзара!

Хайрулла Ҳамидов