Самарқанд вилоят ҳокимлиги мажлислар залида 27 июнь — матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги барча матбуот нашрларининг раҳбарлари, етакчи мухбирлари, телевидение журналистлари, интернет журналистикаси вакиллари, матбаа корхоналари раҳбарлари, шунингдек, фахрий журналистлар ҳамда вилоят жамоатчилигининг вакиллари таклиф этилди.

Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кириш сўзлари билан очди ва ўз табрик нутқини сўзлади. Вилоят ҳокими ўз нутқида матбуот ва матбаачилик соҳасида эришаётган ютуқлар ва йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ҳақида гапириб, бундан буён шахсан ўзи, ўринбосарлари, вилоятдаги ташкилот раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар чоракда журналистлар билан учрашиши ва мулоқот ўтказишини таъкидлади.

Т.Жўраев «Самаркандский вестник» газетаси ижодий жамоасини бир асрлик юбилейи ва «Гулобод тонги» газетаси жамоасини 60 йиллик юбилейи билан табриклади.

Вилоят ҳокими «Нуробод» газетаси муҳаррири Гулшан Шерматова «Йилнинг энг фаол журналисти» республика танловида совриндор бўлганини алоҳида таъкидлаб, Г.Шерматова ва унинг ижодий жамоасини ушбу ютуқ билан қизғин табриклаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг Т.Жўраев 11 нафар журналист ва матбаачиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғасини, 8 нафар «Энг фаол журналист» танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғасини топширди.

«Самаркандский вестник» газетаси таҳририятига вилоят ҳокими табриги битилган табрикнома ва компьютер жамланмаси совға қилинди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Фармон Тошев ҳам сўзга чиқиб, йиғилган ҳамкасбларини касб байрами билан қутлади ва 9 нафар журналистга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Республика бошқаруви раисининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғасини топширди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш якунлангач, 100 га яқин журналист ва матбаачилар Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳида бўлишди. 

Шундан сўнг журналистлар жамоаси Самарқанд тумани маркази Гулобод шаҳарчасида «Гулобод тонги» газетаси таҳририятининг янги қуриб фойдаланишга топширилган биносининг очилиш маросимида қатнашдилар.

Байрамона безатилган бино олдида журналистлар карнай-сурнайлар билан қарши олинди. Кекса журналистлар томонидан бино олдига тутилган алвон лента қирқилиб, бино рамзий очиб берилгач, сўзга чиққанлар 60 йиллик юбилейини қаршилаётган, бирйўла икки тил — ҳам ўзбек, ҳам тожик тилларида чоп этилаётган газета жамоасини қўшалоқ байрам билан табриклаб, уларга ижодий зафарлар тилашди. Шунингдек, ушбу бинонинг қуриб фойдаланишга топширилишда беминнат ёрдам кўрсатган Самарқанд туман ҳокимлигига, таҳририятга шунча йилдан бери ўз бағридан жой бериб келган туман солиқ инспекцияси жамоасига ҳам ташаккурлар изҳор этилди.

«Гулобод овози» таҳририятига кўп йиллик меҳнати сингган кекса журналистларга тўн ёпилди.

Журналистлар таҳририятнинг хоналари билан танишишди. Айниқса, бинонинг биринчи қаватидан ўрин олган «Гулобод китоб олами» китоблар дўкони ҳам фаолиятини бошлагани ҳаммада илиқ таассурот қолдирди. Шу ерда «Самарқанд китоб олами» газетасининг байрамга атаб чиқарилган нишона сони ҳам меҳмонларга тарқатилди.

Шундан сўнг тадбирда қатнашаётган журналистларнинг барчаси «Самарқанд» ресторанида ёзилган дастурхон атрофида йиғилишди. 

Сўзга чиққан Самарқанд шаҳар ҳокими В.Раҳимов ҳам фаол нашрлар ва телевидение бош таҳририятларига шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқларини топширди.

Самарқандлик хушовоз санъаткорлар томонидан янграган шўх қўшиқлар ва раққосаларнинг рақслар йиғилганларга байрам кайфияти улашишди. 

Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz мухбири, Самарқанд.

Фотосуратлар муаллифи: Бахтиёр Мустанов